Қутлов

15.11.2020, 11:23

Қутлов

Ассалому алайкум ҳурматли партиядошлар, азиз ҳамюртлар!

Барчангизни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 17 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман. Фурсатдан фойдаланиб, кўп йиллардан бери бир ғоя ва бир мақсад атрофида жипслашиб, мамлакат сиёсий майдонида партиямиз мавқеини мустаҳкамлашда беминнат хизмат қилиб келаётган барча аъзоларимизга, фаолларимизга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

 2003 йилда мамлакат сиёсий саҳнасига кириб келган O‘zLiDeP бугун юртимизда фаолият юритаётган партиялар орасида етакчилик мақомини қўлдан бермай келаётган, ҳар соҳада халқ дарди билан яшашга ўрганган йирик сиёсий кучга айланди.

Бугунги кунга келиб ўз сафида  800 мингга яқин юртимизнинг энг фаол вакилларини бирлаштирган партия ўтган 17 йил давомида халқ билан ҳамнафас бўлиб, уларнинг ишончини янада мустаҳкамлаш йўлида астойдил ҳаракат қилиб келмоқда.

Қисқа фурсатда партия ўзининг амалий ишлари билан халқ ишончи ва меҳрини қозона олди. Мақсад ва ғояларининг халққа яқинлиги, мамлакат равнақига хизмат қилиши билан партия парламент ва Президентлик сайловларида муваффақиятли иштирок этди.

Айтиш керакки кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча соҳаларда ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси O`zLiDeP зиммасига ҳам тамомила янги вазифаларни юклади. Бу тарихий ҳужжат бугунги кунда партиямиз фаолиятининг сиёсий-ҳуқуқий ва ғоявий асосини ташкил этмоқда.

Бундай дейишимизнинг боиси, Ҳаракатлар стратегияси тизимли ва изчил либерал ислоҳотлар орқали мамлакатимизни барча соҳаларда янгилаш ва модернизация қилиш ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган “йўл харитаси”дир.

O`zLiDeP мазкур стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг жадаллиги ва барқарорлигини таъминлаш бўйича сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олган партиядир.

Ўтган давр мобайнида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш борасида партия қатор лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш орқали опа-сингилларимизни жамиятда ўз ўрниларини топишда кўмаклашиб келмоқда. Хусусан, “Бунёдкор аёллар”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Ишбилармон аёл”, “Фаровон оила” каби йирик партиявий лойиҳалар шулар жумласидандир. Таъкидлаш керакки, айниқса мамлакатимиз ривожининг сўнгги йилларида ушбу лойиҳалар орқали қанчадан-қанча хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги оширилди, уларда тадбиркорлик кўникмалари шаклланди, янги тадбиркор, фермер хотин-қизлар кашф этилди. Бунинг натижасида жойларда айниқса, чекка қишлоқларда янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, глобаллашув шароитида ёшларнинг ижтимоий муаммоларини бартараф этиш, уларнинг дарду ташвишларига ечим топиш, интернет сайтида ёшлар билан интерактив алоқа тизимини йўлга қўйиш, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириш, уюшмаган, яъни ишламайдиган, ўқимайдиган ёшлар билан ишлашга эътибор бериш, ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини кучайтириш, ёшларни раҳбарликка, депутатликка тайёрлаб боришга қаратилган қатор лойиҳалар хусусан, “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!”, “Хавфсиз интернет”, “Ёш инновациячи” каби бир қатор лойиҳалар орқали эртамиз эгалари бўлган ёшлар билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлишга ҳаракат қилиб келмоқдамиз.

Бундан кейин ҳам фуқаролар, энг аввало, ёшлар ва аёлларнинг интеллектуал меҳнат соҳасида ўз қобилият ва истеъдодини намоён этишлари учун зарур шароитлар яратиш борасида аниқ лойиҳаларни амалга оширамиз.

Фаолиятимизнинг энг муҳим бўғини бу шубҳасиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак беришдир. Ўтган давр мобайнида “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, каби ўта муҳим дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилди. Мақсад нафақат аҳолини мурожаатларига партиявий воситалар орқали ечим топиш, балки жойларда тадбиркорлар ва фермерлар муаммоларини бевосита ўрганишдан иборат эди. Хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг касаначилик, томорқа, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик йўналишларида микробизнесни йўлга қўйиш ва уни юритишдаги муаммолар билан бир қаторда Президентимиз томонидан жуда жиддий эътибор қаратилаётган ҳудудлардаги инвестиция йўналишида маҳаллий тадбиркор ва фермерлар олдида турган муаммолар, сунъий тўсиқ ва ғовлар жойида ўрганилди. Бу ишлар партиямиз учун доимийлик характерига эга бўлиб, тизимли давом эттирилмоқда.

Яна бир гап. Ўтган вақт ичида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорларимиз кутаётган, қолаверса халқимиз кутаётган, бугунги ислоҳотлар талабларига жавоб берадиган қонун ташаббускорлиги фаолиятини янада жонлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу қаторда ҳудудий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз фаоллигини ошириш ҳам эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Бундан кейин ҳам муҳим қонун лойиҳаларини жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олиб, лойиҳаларни такомиллаштириш, ҳаётийлигини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Қадрли сафдошлар, азиз юртдошлар!

Бугун барчамиз Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётган тарихий даврда яшаяпмиз. O`zLiDeP ана шундай масъулиятли паллада, яъни янги Ўзбекистонни янги тарихини жонажон халқимиз билан бирга яратишга қатъий бел боғлаган. Бу йўлда Президентимиз атрофида жипслашиб, юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида куч ва имкониятларимизни аямаймиз.

Яна бир бор партиямизнинг 17 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

 Самимий эҳтиром билан,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси   

Актам Хаитов

  • Кўрилди
    110
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+