Бир синфда 40 нафардан зиёд ўқувчининг таҳсил олиши таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади

25.02.2020, 11:17

Бир синфда 40 нафардан зиёд ўқувчининг таҳсил олиши таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Бадриддин Насриев ва халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати Абдуазиз Мунисов Хўжақишлоқ маҳалласида сайловчилар билан учрашди.

Самарқанд шаҳридаги ушбу маҳалла фуқароларидан 10 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, маҳалла фуқароси Ислом Раҳимов ҳудуддаги мактабларда ўқувчилар учун синф хоналари етишмаслиги, 40 ва 67-умумтаълим мактабларининг ҳар бир синфида 43, 44  нафардан болалар ўқиётганлигидан арз қилди. 

- Хўжақишлоқда бундан бир неча йиллар аввал мактаб учун ажратилган ер майдонига уй-жойлар қурилиб кетган, - деди И.Раҳимов. - Шунинг эвазига ҳуддудаги 420 ўринга мўлжалланган 67-умумтаълим мактабида бугунги кунда 900 нафарга яқин ўқувчи таҳсил оляпти. Мактабда спорт зали ва фаоллар зали йўқ. 40-умумтаълим мактабининг аҳволи ҳам ҳаминқадар. Ҳар бир синфда 44 нафаргача ўқувчи ўқишяпти. 45 дақиқа дарс давомида ўқитувчи ҳар бир бола учун бир дақиқадан вақт ажратмоқда. Бу таълим сифатига таъсир кўрсатмайдими? Ҳудудда яна битта янги мактаб қуриш учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам керак.

Маҳалла фуқароси Маматқул Мажидов ҳудуддан оқиб ўтувчи Обираҳмат ариғига 7 йилдан буён сув келмаётганлигидан шикоят қилди:

- 8-10 йиллар аввал маҳалла аҳли ҳовлисига картошка, бодринг, турли кўкатлар экар, мевали дарахтларини суғориб, қўшимча даромад оларди. 7 йилдирки, Обираҳматдан сув келмайди. Сабаб ариқ-зовурларимиз чиқиндилар билан тўлган ва бекилиб қолган. Илгари ҳашар қилиб, зовурларни тозалардик, ариқларни қазардик. Ҳозир бу борада маҳалланинг боши бирикмаяпти. Ўтган йили фаоллар бирлашиб, ҳашар уюштирган ҳолда ариқ қаздик. Аммо биздан олдинги маҳаллалар ҳудудини тозаламаганлиги туфайли сув келмади.

Учрашувда шунингдек, ҳуддуда МТТ қуриш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, 3-шаҳар поликлиникаси филиалини таъмирлаш бўйича қатор мурожаатлар келиб тушди.

Кўтарилган муаммолар юзасидан депутатлар тегишли ташкилотларга сўровлар юборадиган бўлди.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O'zLIDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    474
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+