Барчамиз жипслашсак, бу синовли кунлардан, албатта, ўтамиз

15.07.2020, 17:36

Барчамиз жипслашсак, бу синовли кунлардан, албатта, ўтамиз

Коронавирус. Айни пайтда ушбу касалликни юқтириб олиш ҳолатлари ва ҳатто унинг қурбонлари сони ортиб бормоқда. Жаҳон олимлари томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида вируснинг инсон тана аъзоларига салбий таъсирининг янги қирралари аниқланмоқда. Кимлардир коронавирус пандемиясиинг иккинчи тўлқини бошланди деса, яна кимдир ҳақиқий хавф ҳали олдинда эканини таъкидламоқда. Нима бўлганда ҳам ҳушёрлик ҳар қачонгидан-да долзарб.

Ўзбекистондаги вазият эса барча юртдошларимизнинг диққат марказида турибди. Хўш, бундай кўринмас хафвга қандай кураш олиб борилмоқда? Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли фикрлар қанчалик ўринли? Тўғри, вазиятнинг бундай тус олиши ҳар қандай “манаман” деган тиббиёт тизимини эсанкиратиши табиий. Кўриб, кузатиб бораётганимиздек, дунёнинг ривожланган мамлакатлари тиббиёти ҳам коронавирус олдида ожиз қолмоқда. Аммо, вазиятга тўғри, холис баҳо бера олган давлатлар таҳликали ҳолатдан чиқиб кетиш чораларини кўрмоқда ва бу ўз натижасини бераяпти.

Энди ўзимизнинг тиббиёт тизимига ўтсак. Барчамиз кўриб, билиб турибмизки, юртимизда кучайтирилган карантин чораларига қайтилди. Демак, вазият яна жиддийлашмоқда. Касалланганлар сони кундан-кунга ортмоқда.   Вирусни аниқлаш, уни даволаш арзон ва осон иш эмаслигини ҳаммамиз билиб бўлдик. Бундай оқимдаги касалланиш ва уни даволашга ҳар қанча тоғ бўлса емирилиши, ҳар қанча куч бўлса, заифлашиши турган гап.

Депутат сифатида соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланиб бор вазиятни ўрганишга, шахсий кузатувлар асосида хулоса чиқаришга ҳаракат қилдик.  Ўз навбатида, коронавируснинг COVID-19 касаллиги билан оғриган беморларни даволаётган ва стационар карантинга ёпилган республика бўйича тиббиёт муассасаларида самарали тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш ҳамда уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши чоралар кўриш мақсадида зарурий шахсий ҳимоя воситалари, дори-дармон, тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан ҳудудларни ва республика даволаш-профилактика муассасаларини таъминлаш тадбирлари узлуксиз амалга оширилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда шоҳиди бўлаётганимиздек, барча тиббиёт ходимлари мазкур касалликка қарши курашга сафарбар қилиняпти, хатто соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясига врач-вирусолог мутахассисларни ишга қабул қилиш ҳақида эълонлар берилмоқда.

Коронавирус инфекциясига қарши кураш тадбирлари доирасида
100 турдаги 10 минг донага яқин замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар (МРТ, МСКТ, ИВЛ, УЗИ, ПЦР, СИПАП аппаратлари, дефибрилятор, кардимонитор, рақамли рентген, лаборатория анжомлари ва бошқалар) харид қилинди ҳамда даволаш-профилактика муассасаларига тарқатилган.

Бир оила бошига иш тушса, оила бошлиғи уни нима қилиб бўлмасин, бартараф этишга ҳаракат қилади, борини беради. Бундан аён бўладики, давлат ўз фуқароларининг саломатлиги учун барча чораларни кўрмоқда.

Эл бошига тушган синовли кунларда виждонини еб қўйганлар ҳам афсуски орамизда учраб турибди. Ижтимоий тармоқларда айрим масъулларнинг ноқобил ҳатти-ҳаракатларга йўл қўяётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Албатта, айбдорлар жазосини олади. Энг муҳими, бундай синовли кунларда барча жипслашиб, парокандаликдан тийилиши зарур.    

 

Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати 

  • Кўрилди
    303
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+