Бундай хатарли офатга асло бепарво қараб бўлмайди

15.07.2020, 17:38

Бундай хатарли офатга асло бепарво қараб бўлмайди

Саломатлик — инсон учун бебаҳо бойлик. Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳозирги мураккаб вазиятда ҳар биримизга далда бўлиб, ўзимиз ва ўзгалар соғлиғига масъулиятни янада кучайтиришни тақозо этади.  

Яқинда Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмаслик кераклиги яна бир бор таъкидланди. Бу бежиз эмас. Чунки айрим юртдошларимиз бугунги мураккаб шароитни, бу хатарни тўла ҳис этишмаётганди. Шу боис Республика махсус комиссияси қарорига кўра, эпидемиологик вазият кескинлашгани сабабли шу йилнинг 10 июлдан 1 августгача республикамиз бўйича карантин чоралари яна кучайтирилди. Вилоятлараро автотранспорт қатновлари вақтинча тўхтатилди. Ушбу муддат давомида буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар, оммавий кўнгилочар масканлар фаолияти, тўй ҳамда бошқа оилавий маросимлар, оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди.

Албатта, буларнинг барчаси одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш, кўнгилсиз оқибатларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, бугунги кунда беморлар сони ортиши, айниқса, сўнгги кунларда Тошкент шаҳрининг ўзида касалликнинг клиник белгилари пайдо бўлган шахслар бир неча баробарга кўпайиши кузатилди. Очиғини айтиш керак, бу муайян қийинчиликларни юзага келтирди. Бироқ мамлакатда ушбу ҳолатни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Мана, куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли буйруғига асосан, Тошкент шаҳрида COVID-19 инфекциясини бошқариш бўйича алоқа маркази фаолият юрита бошлади. Мазкур штабга асосий вазифалар юклатилди. Ҳар битта поликлиника қошида мобил гуруҳлар ташкил этилди. Инфекционист, эпидемиолог, умумий амалиёт шифокоридан иборат мобил гуруҳлар чақирувга асосан коронавирус симптомлари кузатилган беморларнинг уйларига боришади. Агар беморда чиндан ҳам коронавирусни юқтирганлик аломатлари кузатилса телефон орқали туман, ҳудуд ёки республика даражасидаги COVID-19га олинадиган таҳлиллар учун диагностика қилишга махсус тиббиёт бригадасини чақиртиради.

Кўриниб турибдики, эндиликда коронавирус аломати кузатилган беморлар тест топшириш ёки шифохонада даволаниш учун сарсон бўлмайди. Бу ҳам кейинги пайтларда сайловчиларимиз эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолат эди. Демак, ҳамжиҳатликда фаолият олиб борилса, барча муаммоларга ечим топиш мумкин. Бугунги синовли кунларда ҳеч биримиз четда турмаслигимиз лозим. Халқимизга айтар сўзимиз шуки, мутахассислар берган тавсияларга амал қилинг, тозалик, санитария қоидаларига риоя этинг. Бу нафақат ўзингиз, балки ўзгалар саломатлиги учун ҳам жуда муҳим.

Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    140
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+