Ёш авлод камолотида асло бепарволикка йўл қўйиб бўлмайди

25.07.2020, 12:01

Ёш авлод камолотида асло бепарволикка йўл қўйиб бўлмайди

«Мактаб — бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак», дея таъкидлаган эди Президентимиз ўз маърузаларининг бирида.

Ҳақиқатдан ҳам, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу мактабдир.

Сўнгги уч йилда юртимизнинг барча ҳудудларида, шаҳарлардан тортиб чекка-чекка қишлоқларгача кўркам қиёфали мактаблар барпо этилгани, деярли барча умумий ўрта таълим муассасалари капитал реконструкция қилиниб, илғор ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлангани таълим сифатини кўтаришга, педагогларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини кучайтиришга хизмат қиляпти.

Жорий йилга «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб ном берилишидан кўзланган мақсад ҳам аввало мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтаришдир.

Шу боисдан бу йилги Давлат дастурининг Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши асосида ҳам фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, халқ таълими соҳасида тизимдаги 4499 та умумтаълим мактабигача 4086 км оптик толали алоқа кабеллари ётқизилиб, юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига улаш имконияти яратилди.

Аҳамиятли томони, республика бўйича 348 та мактаб халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича таянч мактаблари этиб белгиланди. Шунингдек, коронавирус пандемияси даврида алгебра, физика, кимё, биология, география фанлари бўйича 8-9-синфлар учун тайёрланаётган телевизион дарсларга PISA халқаро тадқиқоти топшириқ намуналари мавзуларга мослаштирилди.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида «Эксимбанк» (Корея Республикаси) иштирокидаги «Мактаб таълимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш» лойиҳаси доирасида 850 та умумтаълим мактабларида ўқув компьютер синфлари ҳам ташкил этилди. Айни вақтда мазкур лойиҳа доирасида яна 1 800 дан ортиқ умумтаълим мактабларини ўқув компьютер синфлари билан таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилаётир.

Юксак инсон капитали, жамиятни интеллектуаллаштириш, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантириш, давлат-хусусий шерикчилик ва хусусий сектор ресурсларидан кенг фойдаланиш, «фуқароларни бутун умри давомида ўқитиш» моделини ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини ривожланган давлатлар даражасига (50 фоиздан кам бўлмаган) етказиш мамлакат рақобатдошлиги гаровидир.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бу жараёнда ҳар бир туманда камида тўрттадан хусусий мактаблар барпо қилинишига эришиш, соҳада давлат-хусусий шерикчилиги ва хусусий хизматларни жадал ривожлантириш ҳисобидан болалар учун спорт, мусиқа ва санъат мактаблари қурилишини қўллаб-қувватлаш, ана шундай объектларни реконструкция қилиш орқали болаларни оммавий спорт, мусиқа ва санъат дунёсидан баҳраманд қилиш, уларнинг бу борадаги эҳтиёжларини тўлиқ қондиришни устувор деб билади.

Шундан келиб чиқиб партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан биргаликда таълим-тарбия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, Таълим тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, унда таълим муассасаларини молиялаштириш, ҳудудларда таълим самарадорлиги мониторингини юритиш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз. Энг муҳими, Президентимиз бошлаб берган жуда кенг қамровли таълимга доир ислоҳотлар, қўйилган вазифалар ижросини назорат қилишда парламент назоратининг барча таъсирчан шаклларидан фойдаланамиз.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар доим ҳар бир мамлакат учун мутахассислар тайёрлаш, етук кадрларни вояга етказиш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралган. Шундай экан, Ўзбекистоннинг таълим ва интеллектуал ривожланиш даражаси бўйича дунёда энг юқори рейтингга эга 30 та давлат қаторидан жой олишини таъминлаш ҳаётий заруратдир.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    202
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+