Ногиронлиги бўлган шахслар тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлади

25.07.2020, 14:29

Ногиронлиги бўлган шахслар тенг ҳуқуқ ва имкониятларга  эга бўлади

Мамлакатимизда ислоҳотларнинг янги босқичида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳадаги ишларни янада жадаллаштирди.

Фармонга мувофиқ Ҳукумат томонидан тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа кескин бахс-мунозаралар, тортишувлар асосида куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда қабул қилинди. Бу эса, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлар тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш борасида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.

Хўш, амалдаги 2008 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонундан асосий фарқлари нималардан иборат?

Амалдаги Қонун 8 боб, 36 моддадан иборат бўлиб, ундаги нормалар бугунги кун талабига жавоб бермайди. Декларатив ҳарактердаги қонун. Шунингдек, ногиронликни белгилашдаги тиббий-меҳнат эксперт комиссиялар фаолиятидаги камчиликлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг реабилитация ва абилитация қилиш масалалари, уларнинг реабилитация қилишнинг техник воситаларига ва протез-ортопедия буюмларига бўлган ҳуқуқлари амалдаги қонунда акс этмаганлиги сабабли мазкур масалаларда фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунда Президент қарор ва фармонлари, ҳукумат қарорлари ва халқаро ҳужжатларда белгиланган вазифалар мужассамлаштирилди ва тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар киритилди.

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан бирга, ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қиммати, уларнинг шахсий мустақиллиги, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш каби муҳим принциплар алоҳида моддаларда очиб берилди.

Ногиронлиги бўлган шахс – барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари мавжудлиги оқибатида ҳаёт фаолияти чекланганлиги муносабати билан ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож бўлган шахс ҳисобланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш – ҳаёт фаолиятига доир чекловларни енгиб ўтиш, бу чекловларнинг ўрнини қоплаш (компенсация қилиш) учун ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитларни таъминлайдиган ҳамда уларга жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тенг равишда иштирок этиш имкониятларини яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимидир.

 Шу ўринда, бир ҳақли савол туғилади. Бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 800 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги таъминланяптими? Албатта йўқ, айрим ижтимоий инфратузилма объектларида ҳаттоки ногиронлик аравачасида ҳаракатланаётган шахс учун оддийгина пандуслар ҳам қилинмаган. Тўғри, амалдаги қонунчиликка кўра, бундай ташкилот ва тадбиркорлик субъектларига маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланган. Лекин, бу билан иш битмайди-да.

Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабатни ўзгартирмас эканмиз, улар учун мазкур ҳужжатда белгиланганидек, объектлар ва хизматларнинг қулайлигини, яъни ногиронлиги бўлган шахсларнинг бинолардан, иншоотлардан, транспортдан, ахборотдан ва алоқа воситаларидан, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларидан, шунингдек бошқа объектлардан ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан бошқа фуқаролар билан тенг равишда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратмас эканмиз, улар ногиронлиги бўлганлиги сабабли эмас, аксинча мавжуд тўсиқлар туфайли жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этолмайдилар. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган бир пайтда, бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Кескин бахс мунозараларга сабаб бўлган - Меҳмонхона хоналарининг қулайлиги, деб номланган моддага кўра, эндиликда меҳмонхоналарнинг мулкдорлари умумий хоналар фондининг камида битта хонасини ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозлаши талаб этилади. Тадбиркорларимиз учун бу масала унчалик қийинчилик тўғдирмайди деб ўйлайман. Чунки, бугунги пандемия даврида тадбиркорларимиз томонидан эҳтиёжмандларга кўрсатилаётган беминнат ёрдамларини бутун халқимиз кўриб турибди. Қолаверса, камида битта хонани талаб даражасида жиҳозлаб қўйиш катта ҳаражатни ҳам талаб қилмайди. Агар биз, халқ вакили сифатида давлат сиёсатини уларга тўғри етказа олсак, хеч қандай муаммо бўлмайди.

Шунингдек, ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатини олиб борувчи давлат бошқаруви органлари ишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро комиссиянинг ташкил қилиниши ва ушбу комиссия таркибига ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакилларининг ҳам киритилиши белгилаб қўйилди.

Ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг оилага ва оила муҳитига бўлган ҳуқуқи, уй-жойга бўлган ҳуқуқи каби бир қатор ҳуқуқлари аниқ нормаларда очиб берилди.

Эндиликда, шахсни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш эса педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. Шу муносабат билан, республика ҳудудларида педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳужжатда реабилитациянинг барча турлари ва абилитациянинг мақсад ва вазифалари аниқ нормаларда очиб берилган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши бир гуруҳ ватандошларимизнинг, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат томонидан кафолатланган барча имтиёзлардан фойдаланиш имкониятини қонуний мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    192
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+