Қаршимиздаги душман жиддий, у билан курашиш учун барчамиз бирлашишимиз лозим

25.07.2020, 20:52

Қаршимиздаги душман жиддий, у билан курашиш учун барчамиз бирлашишимиз лозим

Ҳеч кимга сир эмас, бугун инсоният жиддий синов билан юзлашган. Айни кунда Ер юзининг деярли барча мамлакатларида коронавирус аталмиш кўринмас душман одамлар ҳаётига чанг солмоқда. Дунёнинг энг тараққий этган шаҳарлари, йирик мегаполислар, туризм марказига айланган кўҳна кентлар одамларсиз ҳувиллаб қолган. Ҳатто, бугун манаман деган давлатлар, иқтисоди бақувват мамлакатлар ҳам ушбу синов қаршисида айтарли ҳеч нима қила олмаяпти. Минглаб шифохоналарда миллионлаб инсонлар ўлим билан юзлашмоқда, кўплаб мамлакатларда беморларга зарур дори-дармон воситалари етишмаяпти. Бу эса вазиятнинг нақадар қалтис эканини кўрсатади.

Энг ёмони, бу балои офат аёлу эркак, ёшу қари, бою камбағални ажратаётгани йўқ. Коронавирус масъулиятни ҳис қилмаган, белгиланган карантин қоидаларига риоя этмаган ҳар қандай инсонни ўз домига тортмоқда.

Коронавирус хавфини тўғри баҳолай олмаяпмиз

Рақамларга мурожаат қилсак, айни пайтга келиб, ер юзида 13 миллион 949 мингдан зиёд одам ушбу хасталикка чалинган, 592 минг 690 нафар бемор эса вафот этган. Энг ёмони, яна қанчадан-қанча инсонлар дунёдаги қалтис эпидемик вазият туфайли ушбу хасталик билан юзлашиш хавфи остида қолмоқда.

Афсуски, бу балои офатнинг қадами юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Энг ёмони, мамлакатимиздаги эпидемик ҳолат кундан-кунга оғирлашиб бормоқда. Айниқса, сўнгги кунларда юртимиз бўйлаб касаллик тарқалишининг янада авж олгани, беморлар сони 15 минг нафардан ошгани, жумладан, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги эпидемик вазият тобора ҳавотирли тус олиб, ўлимлар сони ортаётгани анчайин ташвишли ҳолдир.

Аслида коронавирус балоси юртимизга кириб келган илк кунлардан бошлаб муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда ушбу касалликка қарши курашиш, унинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз эпидемиологик ҳолатни жиддий назоратга олиб, деярли ҳар бир йиғилишда бу масалага алоҳида тўхталмоқда.

Жумладан, жорий йил 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам муҳтарам Президентимиз мамлакатимиздаги бугунги эпидемик вазият ҳақида куюнчаклик билан сўз юритаркан, “Айни пайтда бутун дунё, шу жумладан, биз ҳам кўринмас душман билан чин маънода уруш олиб боряпмиз. Бу вируснинг барча хавф ва хатарини тўғри баҳолаб, ҳар томонлама тайёргарлик кўриб курашсак, уни албатта енгамиз” дея халқимизни касалликка қарши янада жипслашишга, сабр-матонатли бўлишга чақирдилар. Шунингдек, давлатимиз раҳбари соҳадаги камчилик ва муаммоларга тўхталаркан, хусусан, Тошкент шаҳрида сўнгги ҳафталарда касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаётганлиги, халқнинг бошига синовли кунлар тушган бугунги бир даврда фақат ўз халқуминигина ўйлаётган баъзи “тадбиркорлар” томонидан вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз ошириб юборилаётгани, бу эса аҳоли орасида кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, одамлар коронавирус ва бошқа касалликлар бўйича қаерга бориб мурожаат қилишни ва даволанишни билмай, сарсон бўлаётганини жиддий танқид остига олиб, бу борада масъулларга зарур топшириқлар берди.

Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг ушбу мажлисда билдирган фикр ва мулоҳазаларини тинглаб, халқимиз саломатлиги, одамларимизнинг ҳотиржамлиги йўлида давлатимизнинг барча имконият ва заҳиралари тўлиқ ишга солинаётганини барчамиз чуқур англадик. Ўз навбатида соҳа мутахассислари биздан имкон қадар кўчага чиқмаслик, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш каби карантин қоидаларига риоя этиш, айниқса, ёши улуғ инсонлар, нуроний ва кексаларни асраб-авайлаш сўрамоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, бугун биз бу қоидаларга қанчалик амал қилмоқдамиз? Юртдошларимиз зиммаларидаги масъулиятни қанчалик ҳис этмоқда?! Айни синовли кунларда Президентимизга ҳақиқий суянч бўла оляпмизми?

Афсуски, сўнгги кунларда мамлакатимиздаги эпидемик вазият янада оғирлашиб бораётгани бу саволларга қайсидир маънода жавоб бўлаётгандек.

Тан олиб айтиш лозимки, бугун юртимизда Covid-19 хасталиги туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларга ҳамма ҳам бирдек риоя қилмаяпти. Аксарият фуқароларимиз ҳар қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, коронавирус балосининг ҳақиқий кўлами, унинг аянчли оқибатларини чуқур ҳис этаётгани йўқ. Баъзилар эса карантин қоидаларига беписанд муносабатда бўлмоқда. Бундай одамлар назарида хасталик уларга мутлақо бегона, ўзи ва яқинлари эса коронавирус балосидан бутунлай ҳимоялангандек, гўё. Бироқ кўрмоқдамизки, айни ана шундай фикрда бўлган ва коронавирус хавфини чуқур англаб етмаган қанчадан-қанча инсонлар бугун шифохонларда ушбу касалликни енгиш учун курашмоқда, яна қанча беморлар эса хасталик қаршисида ожиз қолиб, бевақт дунёда кўз юмаётир.

Шу боис бугун кўпга келган бу балога қарши мустаҳкам тура олиш, унинг оқибатларидан ҳимояланиш учун ҳар биримиз, аввало, ўзимизни ислоҳ қилишимиз лозим. Бунинг учун, коронавирус хавф-хатарини тўғри баҳолаб, ҳаёт тарзимизни буткул ўзгартиришимиз, энг асосийси, ИНСОН деган юксак номга муносиб бўлмоғимиз зарур. Қолаверса, айни синовли кунларда урф-одат ва анъаналаримиз, миллий қадриятларимизга жуда-жуда муҳтожмиз.

Эзгу қадриятларимиз унутилаёзди

Биламизки, ҳар бир юқумли касалликнинг олдини олиш учун инсон, энг аввало, тозаликка, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши, ўзи яшайдиган уй ва хонадон, маҳалла-кўй озодалигини сақлаши лозим.

Эътиборлиси, бу эзгу анъана халқимизга бегона эмас. Чунки азал-азалдан ота-боболаримиз, момо-ю бувиларимиз ўз ҳаётларида айни шу жиҳатларга жиддий эътибор қаратиб келган. Жумладан, эрта тонгдан қизларимиз ва келинларимизнинг ҳовли ва кўчаларга сув сепиб, супуриб тозалаши, тўпланган ахлатни маълум жой ёки қутиларга ташлаши хавфли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилган. Шунингдек, уйга меҳмон келганда, қўлга сув қуйиш, унга тоза сочиқ тутқазиш, ана ундан сўнг дастурхонга таклиф этиш ҳам ўлмас қадриятларимиздан саналади.

Қолаверса, халқимизда яна бир яхши одат борки, у ҳам бўлса, қўлни кўксига қўйиб саломлашишдир. Таъкидлаш лозим, бугун коронавирусга қарши самарали курашишда соҳа мутахассислари айнан қўлларни тез-тез ювиш, ижтимоий масофа сақлаш, қўл бериб саломлашмаслик ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш кераклигини бот-бот уқтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, халқимизнинг юқорида тилган олинган бетакрор қадриятлари айнан коронавирус хасталигининг олдини олишда бизга анчайин ас қотади.

Бироқ афсуски, бугун кўпчилигимиз ўз ҳаётимизда бу каби миллий урф-одатларимизга етарлича ўрин ажрата олаётганимиз йўқ. Жумладан, ҳозирги кунга келиб, бобо-бувиларимизнинг “Кўчага ахлат ташлама”, “Ариққа супурма”, “Сувга тупурма” деган пурмаъно ўгитлари ёшларимиз ҳаётида мутлақо унутилаёзди. Ваҳоланки, бир вақтлар ёши улуғ инсонларнинг “Бу ишни қилма, ёмон бўлади” деган бир оғиз сўзи бизларни жуда кўп ёмонликлардан қайтара олган.

Шундай экан биз ҳам ота-боболаримизнинг ана шу эзгу анъаналарини давом эттирган ҳолда ҳар биримиз тозаликни қатъий шиорга айлантиришимиз, унутилаёзган қадриятларимизни қайта жонлантиришимиз лозим. Ўз навбатида, бу каби бетакрор урф-одатларимизни ёшларимизга ўргатиш, улар онгига чуқур синдиришда сенаторлар, ҳудудларда халқ юксак ишонч билдирган маҳаллий кенгашлар депутатларининг ташаббусларига, кўпни кўрган нуроний оталаримиз, мунис оналаримиз ёрдамига, маслаҳат ва ўгитларига муҳтожмиз.

Маълумки бугунги кунда юртимизда 3 миллионга яқин кекса ёшдаги отахону онахонларимиз умргузаронлик қилмоқда. Энди тасаввур қилинг, агар уларнинг ҳар бири ўз фарзандлари, набира-ю эвараларига бу эзгу қадриятларимизни ўргатиш баробарида карантин қоидаларига риоя этишни уқтириб борса, мамлакатимиздаги эпидемик вазият тез орада яхшиланади. Шу боис ҳам кексаларимизнинг эзгу дуолари, уларнинг кўмаги ва маслаҳатлари бугун бизга ҳар қачонгидан-да муҳим.

Нуронийларимизнинг тажрибасига суянамиз

Яна бир гап. Маълумки, бугунги карантин шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан муҳтожлик даражаси ўта юқори бўлган 101 минг 980 нафар фуқаронинг ҳудудлар кесимидаги рўйхати шакллантирилди. Айни кунда “Маҳалла” фондининг ҳудудий бўлим, бўлинмалари ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари томонидан манзилли рўйхат асосида аҳолига зарур озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларидан иборат моддий ёрдамлар етказиб берилмоқда. Айтиш мумкинки, бу эзгу ва савобли ишларни амалга ошириш, моддий ёрдам ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини ўз эгаларига етиб боришини таъминлаш, бу борада коррупцион ҳолатларга йўл қўймасликда ҳам сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда нуронийларимизнинг тажрибаси ва маслаҳтларига суянамиз. Шу боис кекса ёшдаги отахону онахонларимиз, ҳудудлардаги Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари вакиллари маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга моддий ёрдамларни ўз вақтида етказилиши таъминлашда ўзларининг зарур маслаҳат ва ўгитлари билан яқиндан кўмаклашиши, ёшларни бу эзгу ҳаракатга жалб қилишда амалий жиҳатдан ёрдам беришлари лозим.

Азиз нуронийлар! Бугун инсоният бошига келган бу синовли кунларда сизнинг ҳаёт тажрибангиз, бой билимингиз, фидойилигингиз ва шахсий намунангиз юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшларимиз учун ҳар қачонгидан-да муҳим. Халқимиз бошига соя солиб турган бу балои офатнинг тезроқ даф бўлишида эса сиз берадиган ўгит ва насиҳатлар, йўл-йўриқларнинг ўрни беқиёс.

Шундай экан халқимиз сиздан нафақат дуогўйлик, балки бугун юртимизда бўлаётган жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланишингизни, жумладан, аҳолини карантин қоидаларига қатъий риоя қилишида ибрат намунаси кўрсатишингизни кутмоқда. Ишонаманки, Сизлар бу вазифани ортиғи билан адо эта оласизлар.

Содиқжон ТУРДИЕВ,

O’zLiDeP Сиёсий

Кенгаш аъзоси,Сенатор

  • Кўрилди
    266
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+