Қўллаб-қувватлашнинг янги-янги пакетлари очилмоқда, унга жавобан камомад эмас, даромад бўлиши керак

30.07.2020, 12:00

Қўллаб-қувватлашнинг янги-янги пакетлари очилмоқда, унга жавобан камомад эмас, даромад бўлиши керак

Ҳозирги пандемия даврида карантин ҳолатининг эълон қилиниши жаҳон иқтисодиётида рецессион фазани юзага келтирмоқда. Бу ҳолат мамлакатимиз иқтисодиётини ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Лекин, ҳам иқтисодиётимиз ривожини, ҳам аҳоли саломатлигини ўйлаб олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатишга ўз таъсирини ўтказмоқда. Жорий йилнинг 19 март куни пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги фармон билан тадбиркорларимизга ва фуқароларимизга жуда катта имкониятлар яратиб берилган бўлса, 3 апрель куни ҳам пандемия келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари яна муҳокама марказида бўлди ва инқирозга қарши чораларнинг иккинчи пакети қабул қилинган эди. Жорий йилнинг 18 май куни эса ҳозирги пандемик даврда иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг навбатдаги пакети очилганидан ҳам хабарингиз бор.

Бироқ, карантин муддатининг чўзилиши ўз навбатида бундай чора-тадбирларни давом эттиришни яна кун тартибига олиб чиқмоқда.

Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 20 июль куни имзоланган «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда тадбиркорлик субъектлари учун яна бир қатор имтиёзлар белгиланди.

Жумладан, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этиладиган бўлди. Шунингдек, кўчмас мулкни ижарага бериш бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳам вақтинча тўхтатилди.

Умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилди.

Яна бир енгиллик бу — мазкур корхоналарнинг 2021 йил 1 июлга қадар карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб, туман (шаҳар) ҳокимликларини хабардор қилган ҳолда истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқи берилишидир.

Фармонда белгиланганидек, 2020 йилда Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмайди.

Мазкур ҳужжат билан Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги тегишли Фармонида белгиланган қуйидаги солиқ имтиёзлари ва преференциялари 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилди:

– мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар;

– ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича микрофирма ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзлар (акцизости маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно);

– божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан, товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини кечиктириш тақдим этиш;

– микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундиришни тўхтатиш кабилар шулар жумласидандир.

Бундай ғамхўрликлар нимадан дарак беради? Биринчидан, давлатимизнинг бу вазиятдан чиқиш учун тинмай изланаётганидан ва рецессион даврда давлатимизнинг иқтисодиётга фаол аралашаётганидан, иккинчидан, халқимизни ва тадбиркорларимизни бундай синовли кунларда қўллаб-қувватлашга иқтисодий ресурсларимиз етарли эканлигидан далолат беради.

Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар инқироз янги имкониятлар эшигини очади. Бу имкониятлардан фойдаланиш ва унинг самараси давлатимизнинг юксак тафаккур билан олиб бораётган сиёсатига тадбиркорларимизнинг вазиятни чуқур англаган ҳолда қатъий интизом ва улкан масъулият билан ёндашишига боғлиқ.

Демоқчиманки, яқиндагина барчамизнинг дилимизни хира қиладиган хабарлар тарқади, яъниким мамлакатимиздаги санитария-эпидемиологик вазиятни юмшатиш учун йўналтирилган маблағлар талон-тарож қилинди, камомадларга йўл қўйилди.

Ишонамизки, тадбиркорларимизга берилаётган бундай имтиёзлар ва қўллаб-қувватлашлар эвазига камомад эмас, даромадлар кўпаяди. O'zLiDeP электорати бўлган тадбиркорларимиз бундай қўллаб-қувватлашларга муносиб жавоб берадилар.

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    117
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+