“Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти чуқур таҳлил қилинди

30.07.2020, 12:27

“Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти чуқур таҳлил қилинди

Бугунги машаққатли бир давр ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишни тақозо этмоқда. Юртдошларимиз томорқаларидан ҳам мўл даромад олишнинг ҳадисини олдилар. Негаки, айни қийин вазиятда халқнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда. Бу борада янги бир жиҳатни алоҳида қайд этиш керак. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши йўналишдаги ишлар самарадорлиги учун аҳолига имкон қадар кўмаклашаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Масалан, жойларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятида ана шу ёрдамни яққалроқ кўришимиз мумкин. Куни кеча Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, партиямиз фракцияси раҳбари Актам Хаитов раислигида барча вилоят кенгашлари ва ҳудудлардаги “Томорқа хизмати” МЧЖлар раҳбарлари иштирокида ZOOM орқали ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни масалага асосий эътибор қаратилди.

Наманган вилоятида ҳам мазкур йўналишда қатор тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида айтиш зарур. Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, экин турларини тўлиқ экиш, агротехника тадбирларини ўз вақтида сифатли бажариш бўйича МЧЖлар томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдамлар фуқароларимиз учун айни муддао бўлмоқда. Онлайн йиғилишда давлатимиз раҳбарининг бу борада жорий йил 30 июнда қабул қилинган “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган қулайликлар юртдошларимизнинг ўз томорқаларидан даромад топиш манбаларини кўпайтиришда асос бўлганлиги ҳам мисоллар орқали таъкидланди. Айниқса, “Томорқа хизмати” корхоналарини йирик томорқачилик кластерларига айлантириш, аҳоли хонадонларида етиштирилган маҳсулотлар учун 20-30 тонналик совуткичлар барпо этиш бўйича аниқ ва тизимли ишлар амалга оширилиши бошлаб юборилгани фикрларда ўз ифодасини топди.

Мазкур МЧЖлар фаолияти чуқур таҳлил қилинган ушбу онлайн йиғилишда ўз навбатида бу борадаги муаммолар ҳам ўртага ташлангани мақсадга мувофиқ бўлди. Чунки иштирок этган соҳа мутахассислари томонидан берилган тавсиялар орқали келгусида мавжуд камчиликлар бартараф этишга эришилади.

Пандемия шароитида аграр соҳа вакилларига бир қадар масъулият ортди. Бу вазиятда мана шундай онлайн мулоқотлар ўтказилиши ҳам ушбу фаолиятни янада жонлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    245
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+