Ижтимоий нафақаларни тайинлашнинг янги тизими ишга туширилади

10.08.2020, 12:39

Ижтимоий нафақаларни тайинлашнинг янги тизими ишга туширилади

Жорий йилнинг 4 август куни Президентимиз яна бир муҳим ҳужжатга имзо чекди. «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эгадир.

Негаки, унга мувофиқ 2020 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими воситасида амалга оширилади.

Сентябрь ойидан эса «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида, октябрь ойидан Бухоро, Навоий, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, ноябрь ойидан — Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳамда декабрь ойидан Қорақалпоғистон, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида жорий этилади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этишда фуқаролардан 11 та ҳужжат ва маълумотнома талаб этилиши йўл қўйилмайди. Энг муҳими, улар ижтимоий ёрдамнинг 7 туридан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Аҳамиятли томони шундаки, мазкур қарор билан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган шахслар ёки оилалар қўшимча ҳужжатлар ва маълумотномаларни тақдим этмасдан Давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловидан озод этиш, мактабгача таълим муассасаларида ўрнатилган миқдорларда ота-оналар тўловини тўлаш, умумий ўрта таълим мактабларида дарсликлар ижара тўловларидан озод этиш, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки кийим-бош бериш, айрим фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган умумий ўрта мактаблар ўқувчиларини овқатланиш харажатларидан озод этиш каби хизматлар ва имтиёзларни ҳам олишга ҳақлидир.

Адлия вазирлиги эса 2021 йилнинг 1 январига қадар «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (кейинги ўринларда – ФҲДЁ органлари) архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантирилишини таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини янада ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Мазкур қарор эса аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизимини яратишга хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    475
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Олимжон Эргашев2020-08-13 09:44:33

Янги тизим ишга туширилиши тўғрисидаги қарор дархақиқат ўз вақтида чиқарилди.Янги реестр бўйича ижтимоий нафақалар оладиганлар автоматик равишда шакллантирилиши кейинги ойлардаги баъзи махалла йиғинларидаги кам таъминланганлар, эхтиёжманд оилалар, фуқаролар сони шакллантирилгандаги тушунмовчиликлар ва баъзи салбий холатларни хам камайиши, олдини олдишга қаратилган деб умид қилсак бўлади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+