Томорқа эгалари кластерлари қандай имкониятлар беради?

15.08.2020, 16:25

Томорқа эгалари кластерлари қандай имкониятлар беради?

Бугунги кунда «кластер» атамаси тез-тез қулоққа чалинмоқда. Бу атамадан таълим тизимида, иқтисодиёт ва бошқа кўплаб соҳаларда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам фойдаланиб келинмоқда.

Мамлакатимизда 4,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгалари бор. Томорқа хўжалигида маҳсулот етиштиришни кластерлар асосида ташкил қилиш — бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, маҳсулот сотиш, таъминот ва кредитлаш соҳаларини қамраб олувчи кооперация орқали томорқа ер эгаларининг бирлашувидир. Томорқа ер эгаларининг кластерларга бирлашиб ўз томорқаларидан фойдаланиши уларнинг меҳнати самарадорлигини бир неча маротаба оширишга имкон беради. Бунга замин яратилган. 2018 йилдан бошлаб мамлакатимизда «Томорқа хизмати» МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди. Бугун эса «Томорқа хизмати» МЧЖлар негизида кластерлар ташкил этилиши орқали томорқа ер эгаларининг имкониятлари бирлашади.

Бу имкониятлар аҳоли томорқалари учун кўчат ва уруғликларнинг тизимли етказиб берилиши, «Томорқа хизмати» МЧЖларда аҳоли томорқасида етиштирилган маҳсулотни сақлаш учун совутқичларнинг мавжудлиги, шунингдек, маҳсулотлар экспортини марказлашган ҳолда ташкил қилишдан иборат.

Ҳар доим ҳам томорқа эгаларида деҳқончилик қилиш учун кўчат ва уруғликларни харид қилиш учун имконият бўлмаслиги мумкин. Бундан пайтда томорқа эгасига кластерлар ёрдамга келади ва уларни банклардан олинган имтиёзли кредитлар эвазига харид қилинган кўчат ҳамда уруғликлар билан таъминлайди. Эътибор беринг, бу ерда томорқа эгаси кредит олмаяпти, балки кластер имтиёзли кредит оляпти. «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг имтиёзли кредитлар олиши эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4767-сонли қарорда белгилаб қўйилган.

Томорқа эгаларининг кластерларга бирлашишидан кўзланган мақсад имкониятларнинг бирлашувчи экани тўғрисида тўхталиб ўтдик. Бугунги кунда томорқаларда етиштирилган маҳсулотларнинг ҳаммасини нест-нобуд қилмасдан истеъмолчига етказа олмаяпмиз. Чунки, етиштирилган маҳсулотларни замонавий усулларда, совутқичларда сақлаш имконияти йўқлиги уларнинг кўп миқдорда исроф бўлишига сабаб бўлмоқда. Томорқа эгаси якка равишда катта (саноат) совутқичларини қура олмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4767-сонли қарорида айнан шулар қатъий белгилаб қўйилган. Бу томорқа эгаларининг маҳсулотни сақлаш борасидаги имкониятини кескин даражада оширади.

Томорқа ер эгаси ўзи етиштирган маҳсулот экспортини якка ҳолда амалга ошира олмайди. Чунки, бир томорқа эгаси етиштирган маҳсулотни мамлакат ичида узоққа олиб бориб сотиш ҳам самарадорлик бермаслиги тайин. Бундай ҳолда экспорт ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Экспорт учун кўп миқдорда маҳсулот керак бўлади. «Томорқа хизмати» МЧЖларда эса муайян ҳудудда етиштирилган маҳсулотларни бир жойга тўплаши мумкин. Бу эса ўша ҳудудда етиштирилган маҳсулотларнинг экспортини йўлга қўйиш имконини беради.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    345
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+