Муносиб меҳнат дастури амалда

13.10.2020, 18:01

Муносиб меҳнат дастури амалда

Халқаро меҳнат ташкилоти Халқаро меҳнат конференциясининг 1999 йил июнида ўтказилган 87-сессиясида Муносиб меҳнат дастурини эълон қилди. Мазкур Дастурга мувофиқ, “Муносиб меҳнат деб, эркин, адолатли иш ҳақи тўланадиган, хавфсиз, ижтимоий ҳимояланган, инсоннинг қадр-қимматини камситмайдиган, меҳнат фаолиятини бошлашда ҳамма учун тенг имконият яратадиган, бошқарув қарорларини қабул қилишда иштирок этишни ва шахснинг ўзини ўзи ривожлантиришини қафолатлайдиган меҳнат аталиши мумкин”.

Халқаро меҳнат ташкилоти муносиб меҳнатни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини кучайтириш мақсадида улар учун мажбурий бўлган “Меҳнат соҳасида туб асосий тамойиллар ва ҳуқуқлар тўғрисида”ги декларациясини қабул қилди. Ҳозирги даврда ХМТнинг ташаббуси билан Муносиб меҳнат дастурини барча ривожланган мамлакатларда амалга оширишга киришилди, жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан илгари сурилган Муносиб меҳнат Концепциясига мувофиқ, муносиб меҳнатнинг барқарор бандликни таъминлаш, бу соҳадаги барча камситишларни бартараф этиш, барча меҳнаткашларни меҳнат шартномалари билан қамраб олиш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоянинг самарали тизимларини ривожлантириш, меҳнаткашларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини амалга ошириш, жамоа музокаралари юритиш ва жамоа шартномаларини тузиш каби таркибий қисмлари муҳим ҳисобланади.

Муносиб меҳнат дастурининг тамойиллари давлатларнинг иқтисодий сиёсати, биринчи навбатда, ишлашни хоҳлайдиган ва иш қидираётганларни  иш билан таъминлашга қаратилган бўлишига йўналтирилганлик даражаси билан боғлиқ. Иш жойларининг аксарияти иқтисодиётнинг норасмий секторида ташкил этилаётганлиги аҳолини иш билан банд бўлган қисми тўлиқ ижтимоий таъминот, қонуний ҳимояланиш имкониятига эга эмасликлари билан изоҳланади. ХМТнинг маълумотларига кўра, жаҳонда иш билан бандликнинг муҳофазаланмаган шакллари билан қамраб олинган ходимлар сони 1,53 млрд кишини ташкил этиб, иш билан банд бўлганлар умумий сонининг 50,1 фоизига тенгдир. Ўзбекистонда эса банд аҳоли сони бугунги кунга 12,8 млн. кишини ташкил қилиб, иқтисодиётнинг расмий секторида банд аҳоли сони 5,6 млн. кишини, норасмий секторда банд бўлганлар сони 7,2 млн. кишини ташкил этмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурида меҳнат соҳасида асосий тамойилларни амалга ошириш мақсадида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иш билан муносиб бандлик имкониятларини кенгайтириш, меҳнат шароитлари ва ижтимоий муҳофазани яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган. ХМТнинг Ўзбекистон  Республикаси  томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳужжатга кўра, мамлакатимизнинг меҳнат қонунчилигини янада такомиллаштириш, шу жумладан, ХМТнинг бир қатор конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорликни кенгайтиришга доир муҳим вазифалар белгиланган.

Бугун Ўзбекистонда меҳнат соҳасининг барча йўналишларида изчил чора-тадбирлар ва тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, ишчи кучига бўлган эҳтиёжни рағбатлантириш, барқарор иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш бўйича Ҳукумат даражасида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш борасида Ўзбекистонда эришилаётган ижобий натижалар фуқароларнинг муносиб меҳнатга бўлган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Шу ўринда, парламент томонидан ҳам ушбу ҳужжатлар ижроси устидан назорат тадбирлари кучайтирилган. Масалан, мажбурий меҳнатни олдини олиш бўйича сенатор ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ҳам мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Ратификация қилинган  конвенцияларнинг ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш йўлга қўйилган.

7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни сифатида 13 йилдан буён бутун дунёда кенг нишонланиб келинмоқда. Бу йилги тадбир Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда асосий эътибор ностандарт бандлик масалаларига қаратилди. ХМТ вакиллари ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мутасаддилари ва олимларнинг мавзу юзасидан маърузалари эшитилди. Шу билан бирга, тадбирда мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.

Депутатлар ҳозирда Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг лойиҳаси ҳақида фикр билдирдилар. Лoйиҳaни ишлaб чиқишдa тeгишли xaлқaрo вa xoрижий тaжрибa ўргaнилганлиги вa тaҳлил қилинганлиги, шу жумлaдaн, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТнинг №87, №98, №100, № 135, №154, №161, №182 ва бошқа конвенцияларидаги қоидалар инобатга олинганлиги эътироф этилди.

Хажми жиҳатидан ҳам анчагина катта лойиҳа 34 боб, 621 та моддадан иборат бўлиб, янги тaҳрирдaги Мeҳнaт кoдeксининг aлoҳидa бўлими индивидуaл мeҳнaт мунoсaбaтлaригa бaғишлaнгaн бўлиб, мeҳнaт шaртнoмaси, иш вaқти, дaм oлиш вaқти, иш ҳaқи вa мeҳнaт меъёри, кaфoлaт вa кoмпeнсaция тўлoвлaри, мeҳнaт интизoми, мeҳнaт шaртнoмaси тaрaфлaрининг мoддий жaвoбгaрлиги, мeҳнaтни муҳoфaзa қилиш масалаларини ўз ичига олганлиги ҳақидаги фикрлар билдирилди.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳасида меҳнат муносабатлари соҳасидаги бир қатор муаммоларни қонуний ечимига, муносиб меҳнатни таъминлашга қаратилган қоидалар ўрин олганлиги қайд этилиб, юртимизда Муносиб меҳнат дастурини амалга оширишдаги келгуси вазифалар ҳақида келишиб олинди.

 Мавлудахон ХОДЖАЕВА,

Олий  Мажлис  Қонунчилик

палатасининг  Меҳнат ва ижтимоий

масалалар  қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    263
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+