Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир

21.10.2020, 11:13

Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун  жамиятнинг обрў-эътиборидир

Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси ҳамда парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Унда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг шонли санасини муносиб нишонлаш юзасидан ўзаро фикр алмашилмоқда.

Тадбирда сўз олган O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов йиғилганларни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан табриклаб, она тилимизнинг ўзига хослиги, бугунги кунда давлат тилининг нуфузи ва мақомини ошириш борасидаги ислоҳотларга тўхталди. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.

Қайд этилганидек, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, тили, маданияти ва қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Улуғ мутафаккир шоиримиз ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзбек халқи маънавий дунёси, тилининг шаклланиб ривож топишида хизматлари беқиёс бўлган. Зеро, Навоийнинг асарлари орқали она тилимизнинг беқиёс бойлиги, унинг буюклигини англадик.

– Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг тили, – деди O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов.– Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади. Шу жиҳатдан бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз. Ушбу қутлуғ байрам арафасида қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳам ўзбек тили ва адабиётини, миллий маданиятимизни янада равнақ топтиришга қаратилган амалий ҳаракатларимиз билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Йиғилишда бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилаётгани, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгайиб бораётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти муҳокама қилиниб, бу борада парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракцияси олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    158
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+