Олий мақомга муносиблик фидойилик билан ҳамоҳанг...

26.10.2020, 10:30

Олий мақомга муносиблик фидойилик билан ҳамоҳанг...

Депутатлик мақоми олий. Бу мақомнинг масъулияти юракда бўлсагина, уни теран ҳис қилиш мумкин. “Депутатман” дея кўкрак керишдан аввал ишонч қозониш зарур. Ана шундагина бу олий мақомга дахлдорлик ҳисси сайловчиларга камарбасталикка ҳамоҳанг бўлади.

Маълумки, жорий йилнинг 11 октябрь куни Андижон вилоятида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги бўшаб қолган ўринлар учун қайта сайлов ўтказилганди. Айни жараёнда O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси, Қўрғонтепа “Мурувват уйи” директори Хуршидахон Халилова номзоди 59-Ҳоқон сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига кўрсатилган эди. Юқори натижа билан халқ ноиби мақомига эга бўлган Х.Халилова сайлов округидаги мавжуд маҳаллаларда ўрганиш ишларини бошлаб юборди.

“Ўрикзор” маҳалласи ҳудуддаги энг катта маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, қарийб 10 минг нафарга яқин аҳолига эга. 1837 та хонадонда истиқомат қилувчи оилалар яшаш тарзи, бандлиги, турмуш фаровонлиги билан бошқа маҳаллалар аҳли вакилларига намуна бўлиб келмоқдалар. 4731 нафар хотин-қизлар ҳамда 790 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарларини юритиш бўйича ибратли тадбирлар олиб борилаётгани қувончли, албатта. Депутат ушбу маҳалла аҳли фаоллари, мутасаддилар билан самимий суҳбатлашаркан, ҳамиша уларга елкадош, ҳамфикр бўлишлигини таъкидлади.

4100 нафар аҳоли мавжуд “Гузар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 980 та хонадонда жами 2150 нафар хотин-қизлар ва 785 нафар ёшлар истиқомат қилади. Албатта, маҳалладаги ютуқлар талайгина. Айтса арзигулик тадбирлар амалга ошириляпти, ободончилик ишлари авжида. Аммо ойнанинг иккинчи томони ҳам бор. Муаммолардан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, сайловчилардан бири Муҳаббатхон Ҳакимованинг ёлғиз ташвиши парваришга муҳтож синглиси. Ногиронлиги бор жигарини меҳр масканига жойлашдаги сарсонгарчиликдан чарчади. Ҳужжатлари бадастир, аммо “кутинг”дан бошқа жавоб ололмаган опанинг жонига депутат оро кирди.

-Бугунги ташриф номзод танлашда адашмаганимизни исботлади, - дейди МФЙ раиси Муҳаммаджон Исмоилов. – Депутатга илк учрашувдаёқ айтган мурожаатимиз, яъни Муҳаббатхоннинг синглиси Чуама “Аёллар мурувват уйи”га жойлаштирилиши бўйича кўрсатмалар берилди. Маҳалламиздаги табиий газ қувурлари 2013 йилда узиб қўйилган. Мазкур муаммонинг ечимини ҳам депутатимизга ишондик.

“Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғини 3000 нафар аҳолини ўзида жам этган. 1572 нафар хотин-қизлар ҳамда 678 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ишларига алоҳида масъулият билан ёндашаётган маҳалла масъуллари билан суҳбат очиқ ва самимий руҳда бўлди.

“Жевачи” маҳалласидаги 3000 нафарга яқин аҳолининг 81 нафари хорижий давлатларда меҳнат қилмоқда. Уларни оиласига қайтариш, шу ерда бандлигини таъминлаш юзасидан шу куннинг ўзидаёқ депутат билан ҳамкорликда тизимли режа ишлаб чиқилди. Унга кўра, аввало, ҳудуддаги тадбиркор, фермер ва ишбилармонлар билан янги иш ўринлари яратиш мақсадлари ўрганилди. Айни асосда чет элдаги сайловчилар учун даромад топишга кўмаклашиш, муаммоларини бартараф этишда елкадошлик масъулияти янада ошди.

Пандемия даврида ҳамма бирдек қийинчиликни бошидан кечиргани сир эмас. Аҳолига суянч бўлишда, биринчи навбатда маҳалла фаолларининг масъулияти синовдан ўтказилгани тайин. Чунончи, “Завроқ” маҳалласида ҳам 33 нафар хотин-қизга тадбиркорлик, ҳунармандчилик йўналишларида фаолиятларини бошлашлари, давом эттиришлари учун имтиёзли кредитлар олинишида кўмаклашилди.

Депутат Хуршидахон Халилова мазкур маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб борар экан, сайловчиларга ҳар нафас елкадош эканини таъкидлади. Ҳатто айтилган муаммолар бўйича шу куннинг ўзида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Бугуннинг долзарб масалаларига айланган аҳоли орасида камбағалликни қисқартириш, аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлар сафини кенгайтириш, маҳаллаларда “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларини юритиш юзасидан батафсил суҳбатлашилиб, зарурий тавсия ва мсалаҳатлар берилди.

-Вақт кутиб турмайди, - дейди депутат. -  Бизга ишонишдими, биз уларнинг келиб мурожаат қилишларини кутмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам ўзимиз биринчи бўлиб маҳаллалардаги сайловчилар билан учрашдик, уларни қийнаётган масалаларни бартараф этишда ёрдамимизни ҳис қилишлари учун ҳаракат қилдик. Мақсадимиз, инсонлар манфаатлари учун хизмат қилиш.

Дарҳақиқат, фидойилик қонда бўлади. Уни мажбуран сингдирилмайди. Масъулият хўжакўрсинга эмас, чин кўнгилдан ҳис қилинсагина, ишонч пойдевори яратилади. Бугун депутат ана шу пойдеворни қўя билди.

Зилола РАҲМОНОВА,

O'zliDeP Андижон вилоят кенгаши

Матбуот котиби

  • Кўрилди
    128
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+