Сайёр қабулда мурожаатчи кўтарган масала кескин тортишувга сабаб бўлди

26.10.2020, 22:03

Сайёр қабулда мурожаатчи кўтарган масала кескин тортишувга сабаб бўлди

Навоий шаҳар «Мурувват» маҳалласида O'zLiDeP Навоий шаҳар Кенгашининг депутатлик гуруҳи билан бўлиб ўтган сайёр қабулда жиддий масалалар ўртага ташланди.

Халқ ноибларидан И. Шодиев, А.Тўқсонов, Ш. Шаропов, А.Рустамов, А. Азимовлар иштирокида ўтказилган сайёр қабулда мутасадди ташкилот ходимларининг ҳам иштироки таъминланди.
 
Бозорларда нарх-навонинг ошаётгани ва бу масалага нисбатан назорат органларининг ишларидаги сусткашлик, шаҳарнинг марказий кўчасида автобус қатновини йўлга қўйиш ва мавжуд такси ҳайдовчиларининг аксарияти йўл кира нархларини ўзбошимчалик билан ошираётгани, аҳолига хизмат кўрсатаётган ширкатлар фаолиятидаги камчиликлар, айрим аҳоли яшаш ҳудудига мактабнинг узоқлиги, «Мурувват» МФЙ биносида исциклик тизими йўқлиги, чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар, бандлик ва шунга ўхшаш бир қатор бошқа масалалар кўтарилди.
 
Мурожаатларнинг ҳар бири диққат билан тингланиб, тегишли тартибда депутатлик назорати ва сўровлари орқали ҳал этилиши белгиланди, аҳолига ечимини топиши мумкин бўлган муаммолар бўйича тушунчалар берилди.
 
Ишсизлик юзасидан қилинган иккита оғзаки мурожаат Халқ депутатлари Навоий шаҳар депутати А. Тўқсонов томонидан шу жойнинг ўзидаёқ ҳал этилди. Ислом Каримов кўчаси, 64-уй, 23-хонадонда икки фарзанди билан яшаб келаётган Раъно Йўлдошева ҳамда шу кўча, 3-уй, 9- хонадонда истиқомат қилувчи иш тополмай қийналаётган мурожаатчи аёл Марина Ажиченколар НГМКга қарашли 27-сонли шифохонанинг терапия бўлимида меҳнат фаолиятини бошлайдиган бўлди. Ҳар икки аёлга аризалар ёздирилиб, ишга киришга оид ҳужжатлари депутат А. Тўқсонов орқали тегишли ташкилотга юборилиши режалаштирилди.
 
Шунингдек, кўп қаватли уйлардан чиқаётган чиқиндилар ободонлаштириш ташкилоти, ширкат ва «Бережливост» ўртасида сансалор бўлиб қолиб кетаётгани, чиқиндиларни олиб кетувчи машиналарнинг шаҳар габаритига тўғри келмаслиги оқибатида уйлар орасидаги йўлларда носозлик юзага келаётгани айтилди.
 
Бундан ташқари, «Мурувват» МФЙ раиси А. Элмуродов илгари 25 та уйни қамраб олган ушбу маҳаллага янги уйлар қурилиши натижасида яна 26 та уй қўшиб берилгани ва маҳаллага тегишли хонадонлар сони 500 дан ошмаслиги керак бўлгани ҳолда, ҳозирда 2431 хонадон битта МФЙга қараётганини билдирди. Бу эса ўз навбатида МФЙда ишлаб келаётган ходимларга катта қийинчиликлар туғдирганини айтиб, шу масалани сессия кун тартибига киритилишини сўради.
 
Сайёр қабулда Навоий шаҳар марказий деҳқон бозоридаги нарх-навога бозор маъмуриятининг эътиборсиз қараётганига оид масала кескин тортишувларга сабаб бўлди. Мурожаатчининг сўзига кўра, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси билан расталарда маҳсулот эгалари эмас, савдогарлар фаолият олиб бормоқда. 
 
Шунинг учун аслида бозордагидан арзонроқ сотилиши керак бўлган маҳсулотлар қимматлаштирилиб, маъмурият бу ишга панжа орасидан қарамоқда, дейилди. Ўз навбатида депутатлик гуруҳи аъзолари ва йиғилганлар орасидан бу масалага турлича муносабатлар билдирилди. Қизғин баҳслардан сўнг депутатлик гуруҳи эртанинг ўзидаёқ мурожаатчи билан биргаликда бориб, бу масалани ўрганиб чиқишга келишиб олди.
 
photo_2020-10-20_15-09-50.jpg
 

O'zLiDeP Навоий вилояти

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    129
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+