O'zLiDeP фракцияси: Давлат бюджети маблағлари қандай мақсадларга сарфланди?

16.11.2020, 15:03

O'zLiDeP фракцияси: Давлат бюджети маблағлари қандай мақсадларга сарфланди?

2020 йилнинг 9 ойлиги яқунига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 408,3 трлн сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда ЯИМ тармоқлар таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги ҳамда қурилиш улуши мос равишда 0,8 ва 0,5 фоизга ошган бўлса, хизматлар ва саноат соҳалари мос равишда 0,2 ва 0,7 фоизга пасайган.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсиб, бу қишлоқ хўжалигининг 3,4, қурилиш ишларининг 8,6 фоизга ўсиши ҳисобига эришилган. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 2,3 фоизга ўсган ҳолда, умумий саноат ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 фоизга камайган.

Бугун, 16 ноябрь қуни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда маълум қилинди.

Таъкидланганидек, 2020 йил 9 ойлик Давлат бюджети даромадлари 94 457,2 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган 91 795,9 млрд сўм прогноз 102,9 фоизга ёки 2 661 млрд сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар 2019 йил мос даври билан солиштирилганда 15 297,4 млрд сўмга ўсган.

Давлат бюджетининг жорий йил 9 ойлик харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 102 164,8 млрд сўмни (аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 94,5 фоиз) ёки ЯИМга нисбатан 25,0 фоизни ташкил этган. Бюджет ташкилотларининг қарийб 33,6 трлн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 7,1 трлн сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланган.

Ҳисобот даврида иқтисодиётга амалга оширилган харажатлар жорий йилнинг 9 ойида 12 593,6 млрд сўмни ташкил қилиб, бу харажатлар жами Давлат бюджети 9 ойлик харажатларининг 12,3 фоизини ташкил этди. Иқтисодиёт харажатлари асосан сув хўжалиги эксплуатациясига, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга оширишга, табиатни муҳофаза қилиш ишларига, умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини ривожлантиришга сарфланди.
Шунингдек, кичик саноат зоналарининг 600 та муҳандислик инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун 300,0 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан Бухоро, Жиззах, Намангандаги мавжуд ва янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналаридаги 102 та муҳандислик коммуникация объектлари бўйича 23,3 млрд сўм маблағ йўналтирилди.

2020 йил 1 октябрь ҳолатига Давлат бюджети тақчиллиги 7 707,6 млрд сўмни ташкил этиб, бу халқаро молия институтларидан бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган (4 106,4 млрд сўм) ҳамда Давлат ғазначилик облигацияларини жойлаштирилишидан келиб тушган маблағлар (3 605,5 млрд сўм) ҳисобига қопланди.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи 20,5 млрд АҚШ доллари эквивалентини, хусусан, давлат ташқи қарзи 18,2 млрд АҚШ долларини, давлат ичқи қарзи эса 2,3 млрд AҚШ долларини ташкил этди.

Давлат ташқи қарзи асосан ёқилғи-энергетика, уй-жой қурилиши ва коммунал хизмат кўрсатиш, бюджетни қўллаб-қувватлаш, транспорт ва транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш, кимё саноати ва телекоммуникация каби ижтимоий ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган. Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга 1 трлн 211 млрд сўм, корхоналарни молиявий қуллаб-қувватлаш учун 2 трлн 240 млрд сўм ажратилган.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетлар даромадлари 19 973 млрд сўмни ташкил қилиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида прогноздан ташқари 2191,5 млрд сўм, жумладан, 1-чорақда 837,1, 2-чорақда 727,6 ва 3-чорақда 626,8 млрд сўм маблағ қолган. Ўз навбатида, республикага тушадиган солиқлар бўйича прогноздан ортиқча туширилган 427,5 млрд сўм маҳаллий бюджетларга ўтказиб берилган. Умуман, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари режага нисбатан 96,3 фоизга ижро этилиб, 33 255,2 млрд сўмни ташкил этган.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва жойларда қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилиб, кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    362
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+