O’zLiDeP Хоразмда пресс-тур ташкил қилди

19.11.2020, 17:12

O’zLiDeP Хоразмда пресс-тур ташкил қилди

Хоразм  вилоятида ташкил қилинган пресс-турда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари, партия вилоят Кенгаши ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Пандемия шароитидан кейин оёққа туриб, ўз фаолиятини янада яхшилаган, ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ, туризм соҳаларида бошқаларга намуна бўлаётган тадбиркорлар билан учрашиш, уларнинг тажрибаси билан ўртоқлашиб, муаммо ва таклифларини ўрганиш ва ёш тадбиркорларга намуна сифатида кўрсатиш мақсадида Пресс тур иштирокчилари дастлаб Урганч шаҳридаги “Smart Invest” масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Партия вакиллари корхона иш жараёни билан яқиндан танишдилар, ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашдилар.

Тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган корхонада бугунги кунда 100 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлиги таъминланган. Корхонада бугунги кунда ойига 15 минг дона чойшаб тўплам жилдлари ҳамда 300 мингдан ортиқ ошхона сочиқлари ишлаб чиқарилиб, маҳсулотларнинг 80% идан ортиғи чет эл давлатларига экспорт қилинади.

 “Чет эллик ҳамкорларимиз асосан Россия, Украина, Молдавия давлатлари ҳисобланади. Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар 3,5 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлсак, шундан, 3,0 млрд. сўмлик маҳсулотларимизни чет эл давлатларига экспорт қилдик. Қолган қисмини ички бозорларга топширдик. Давлатимиз томонидан биз тадбиркорларга берилаётган эътибор ва имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда эндиликда фаолиятимизни янада кенгайтириб, 2021 йилда иш ўринларимизни янада кўпайтириш, 100 нафардан ортиқ аёлларни иш билан таъминлашни мақсад килганмиз. Бунда асосан “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига киритилган ишсиз хотин-қизлар ва ёшларимизни ишга қабул қилишга эътибор қаратишни режалаштирганмиз”, - дейди корхона раҳбари Светлана Машарипова.

Таъкидлаш жоизки, макзур корхона раҳбари ўз натижалари билан  “Ишбилармон аёл-2020” Республика кўрик танловида фаҳрли 1-ўринни қўлга киритган. Шу муносабат билан партия вакиллари корхона раҳбари ва ишчиларни яна бир бор қутлаб, келгусидаги ишларига омад тилади. Шунингдек, корхонада партиянинг қуйи бўғини ташкил этилиб, янги ишга қабул қилинган 15 нафар аёллар партия сафига қабул қилинди ва уларга аъзолик гувоҳномалари, эсдалик совғалари топширилди. 

Ўтказилган суҳбатлар жараёнида корхона фаолиятини янада ривожлантиришнинг истиқболли режалари ва фаолиятга тўсқинлик қилаётган муаммо ҳамда камчиликлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Тадбиркорнинг мавжуд муаммоларига кўмак беришни маҳаллий кенгаш депуталари ўз назоратига олди.

Тадбир иштирокчиларининг навбатдаги манзили ҳорижий сайёҳларни жалб қилишдаги салоҳияти билан маълум ва машҳур бўлган Урганч туманидаги “Улли ҳовли” мажмуаси бўлди. Мажмуада ташкил этилган тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди.

Хоразмнинг қадимий мажмуаси – “Улли ҳовли” 1120 йили бунёд этилган. Қалъанинг лой ҳамда ғиштдан иборат деворлари иссиқ кунда салқинликни сақлаб туришга хизмат қилади. Мажмуада мавжуд фотогалерея Хива хонлиги ҳудудларида яшаган дастлабки туркманларнинг ҳаёт тарзи ва тасаввурини ифодалайди. Фотосуратлар туркманлар ҳаётининг муайян қисмларини акс эттиради, туркман аёллари ва эркакларининг характерли қиёфасини намойиш этади.

Мажмуада қадимий ўтовлар, ҳовлилар, туркман маданияти намуналари, турли асори-атиқалар, уларни ўраб турган қўрғон ҳозирга қадар сақланиб қолган. Мажмуага ташриф буюрган сайёҳ гўё ўзбек-туркман халқларининг ўзаро дўстона муҳити акс этган даврга тушиб қолгандек ҳис қилади ўзини.

Ушбу масканда ҳозирги кунда 10 дан ортиқ ҳунармандлар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу ерда 15 ўринли меҳмонхона ва ресторан ҳам ташриф буюрувчи сайёҳлар хизматида.

“Улли ҳовли” директори, партиямизнинг кўп йиллик фахрий фаоли Давлатназар ака Ражабов иштирокчиларга саёҳат давомида унинг ҳар бир тарихий нуқталари ҳақида сўзлаб берди. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон Республикаси Президентларининг айнан шу ҳовлига қилган ташрифи, икки мамлакат дўстлигининг рамзи сифатида фаолият олиб бораётгани тўғрисида гапирди. 

Мажмуада ўтказилган учрашув давомида “Туркманлар” маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга O'zLiDeP партияси ташкил топганлигининг 17 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “O'zLiDeP 17 ёшда: 17 минг оилага саховат ва кўмак” лойиҳаси доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

                                                                               Насиба Ваисова,

OzLiDeP Хоразм вилоят

Кенгаши Матбуот котиби

  • Кўрилди
    347
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+