Кўнгилларни зиёрат этмоқнинг ҳикмати бор...

20.11.2020, 16:27

Кўнгилларни зиёрат этмоқнинг ҳикмати бор...

Гулнора Мирзааҳмедова Андижон туманидаги “Гузар” маҳалла фуқаролар йиғини, Мактаб кўчасида истиқомат қилади. Ёлғиз она, маҳалладаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхатида туриши бежиз эмас. Биргина фарзанди хорижда меҳнат қилади. Мусофир юртда амаллаб топганини 2-3 ойда бир онасига юборади. Шу маблағни тўплаб она йиқилай деб турган нураган уйини таъмирлади.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилованинг “O’zLiDeP 17 ёшда: 17 минг оилага саховат ва кўмак” лойиҳаси доирасидаги тадбирлари айни хонадондан бошланди. Бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари онахоннинг рўзғорига хартугул кўмак бўлади...

“Тадбиркор” маҳалласи, Янгилик кўчасида истиқомат қилувчи Муаззамхон она Самсақова ҳам эҳтиёжманд фуқаролардан. Имконияти чекланган акаси ва укасининг парваришига умрини бағишлаган аёл бугун ёлғиз. Кексайиб кўмакка муҳтож. Бирор ҳунар билан шуғулланай деса, қарилик аломатлари панд беради. Депутатнинг йўқловидан онахоннинг кўзларига ёш келди.

Танзилахон Зокирова боқувчисини йўқотганига анча йиллар бўлди. Тўрт фарзандни ёлғизликда тарбиялади. Уч нафар қизини яхшиларнинг кўмагида турмушга берди. Кенжаси ўғил, бироқ хали вояга етмаган. Онасига рўзғорда кўмаклашгани ёшлик қиляпти. Депутатнинг “Исломобод” маҳалласидаги йўқловлари шу хонадондан бошланди.

-Очиғини айтаман, ёғингарчилик сабабли бирорта мавсумий иш билан шуғулланишга ҳам чиқолмаётгандим, - дейди аёл кўзларида ёш билан. – Ўғлим шамоллаган, уни ёлғиз ташлаб иш қидиргани кўнглим бўлмаётганди. Депутатнинг уйимизга кириб келиши, биздан хабар олиши кутилмаган қувонч бўлди. Мана шундай саховатли инсонларнинг борлигига шукур!

Халқ ноиби ўзи сайланган 59-Хоқон сайлов округидаги “Буюк Турон” ҳамда “Завроқ” маҳаллаларидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғизлар ҳолидан хабар олиб, “O’zLiDeP 17 ёшда: 17 минг оилага саховат ва кўмак” лойиҳаси доирасида саховат тадбирларини амалга оширди.

Кўнгилларни зиёрат этмоқ Каъбани обод этмоқдек... Меҳр-саховатга муҳтожларга эътибор, ғамхўрликнинг намуналарини мана шундай депутатлар, тадбиркорлар фаолиятида кўришлик бардавом бўлсин.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    93
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+