“Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг номи нега ўзгарди?

20.11.2020, 16:53

“Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг  номи нега ўзгарди?

Маданият бу — жамият, инсон ижодий куч ва қобилиятлари тарихий тараққиётининг муайян даражаси саналади. “Маданият” сўзининг луғавий маъноси “шаҳарлик”, “шаҳарга оид” бўлса, унинг маъновий изоҳи “одоб-ахлоқ”ни англатади. Демак, бугун янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратишда миллий маданиятни янада ривожлантириш ғоят муҳимдир.

Албатта, бу борада моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш, тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Маданият ва санъат ташкилотларининг “дўстлар клублари” фаолиятини йўлга қўйиш орқали уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган  мутлақо  янгича  самарали тизим яратилди.

Лекин ҳозирги давр соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, таълим муассасаларини мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини янада оширишни тақозо этмоқда.  

Нега деганда, ўтган йиллар мобайнида маданият соҳасига иккинчи даражали тизим сифатида қараб келинган. Моддий маданий ва археология мероси объектларининг аксарияти таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Оқибатда уларнинг сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас.

Кўп йиллар давомида маданият соҳасида фаолият юритган инсон  сифатида шуни айтаманки, илгари бу соҳада якдил, унинг ҳамма йўналишларини қамраб олувчи қонун бўлмаган. Маданият соҳасидаги фаолиятлар 29 йил давомида қонуности хужжатлар билан тартибга солиб келинди. Энди миллий маданиятни янада ривожлантиришда ортиқча муаммолар юзага келмайди. Ҳал қилиниши керак бўлган кўплаб масалалар янги қонун билан ўз ечимини топади.   

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида маданият соҳасига оид кўплаб янгиликлар ўрин олган.  

Мазкур ҳужжат биринчи ўқишда “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси сифатида концептуал жиҳатдан қабул қилингани ҳаммамизга яхши маълум. Лекин уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида лойиҳанинг номланишига ўзгартиш киритилди.

Шу ўринда кўпчиликда лойиҳанинг номи нега маданий фаолият деб ўзгартирилди, агар ушбу қонун қабул қилинса соҳада қандай ўзгаришлар юз беради”, деган ҳақли савол туғилиши мумкин.

Чунончи, маданий фаолият – инсониятнинг маънавий-эстетик эҳтиёжларини қондиришга қаратилган фаолият ҳисобланади. Шубҳасиз, маънавий-эстетик эҳтиёжлар маданият соҳасига тегишли бўлган санъат асарлари, маданий бойликлар, амалий санъат асарларининг мазмун-моҳиятидан олинган таассурот ва тасаввурлар орқали ўз ечимини топади. Шу боисдан аҳолининг маънавий-эстетик эҳтиёжларини қондира олиши учун қулай шароит яратиш, хусусан, маданий тадбир ўтказиш, ижодкорларни ва ижодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва шу кабилар айнан маданият ташкилотларининг вазифасидир.

Яна бир муҳим жиҳат, қонун лойиҳасига Маданият марказларига доир модда киритилган бўлиб, унга кўра соҳада халқ ижодиётини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, янги истеъдодларни кашф қилиш, оммавий байрамлар, томошалар ҳамда халқ сайилларини ташкил этиш масалаларида тизимли фаолият юритиш белгилаб қўйилган.

Тақдим қилинган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданият соҳасидаги ваколатлари, Маданият соҳасидаги асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлар, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар, маданият соҳасида халқаро ҳамкорлик, театр, цирк, маданият марказларининг фаолиятига доир ва бошқа бир қатор соҳага оид масалалар акс этган моддалар киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, депутатлар томонидан иккинчи ўқишда муҳокама қилинган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан соҳада кўп ўзгаришлар юз беради. Энг муҳими, ушбу қонун маданий фаолият, шунингдек, маданият ташкилотлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Нодиржон  АБДУВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    183
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+