Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласида онлайн мулоқот ўтказилди

24.11.2020, 17:29

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласида онлайн мулоқот ўтказилди

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёллар қаноти томонидан онлайн тарзда давра суҳбати ташкил этилди. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ва ҳимоя ордерини бериш – давр талаби” мавзусида ўтказилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан партия Аёллар қаноти томонидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида урғу берилди.

-“Фаровон оила” лойиҳаси доирасида айни вақтда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган отин-қизлар билан алоҳида фаолият олиб боряпмиз, - дейди Бўстон тумани ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари, партия туман Кенгаши Аёллар қаноти гуруҳи раҳбари Ферузахон Рустамова. – Жорий йилнинг бугунги кунигача туманимизда ЖИЭМдан қайтган битта аёл рўйхатга олинган. У билан доимий мулоқотдамиз, бандлигини таъминлаш, руҳий, ижтимоий, моддий-маънавий кўмаклар бериш юзасидан тарғибот тадбирларини амалга оширяпмиз.

Халқ депутатлари Избоскан туман кенгаши депутати Наимахон Нўъмонованинг таъкидлашича, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қуватлаш бўйича туманда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, “Гулистон” маҳалласидаги ногиронлиги бор фарзандларини тарбиялаётган 10 нафар аёлларнинг бандилигини яшаш уйларида таъминлашга эришилган. Яъни уларга эчки, чорва ва паррандаларни тақдим қилиш орқали ҳам рўзғорига даромад киряпти, ҳам улардан олинаётган маҳсулотлар маҳалладаги харидорларга бериляпти. “Янгиобод” маҳалласидаги икки нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож аёлларнинг хонадонларидаги томорқасига иссиқхона қуриб берилди. Айни дамда бу иссиқхоналарда гул кўчатлари парваришланиб, ҳатто ички ва ташқи бозорга тақдим қилинаётгани қувончли.

Партия Қўрғонтепа туман Кенгаши туман ҳокимлиги хотин-қизлар билан ишлаш бўлими билан ҳамкорликдаги тадбирлаарини айни йўналишда давом эттираётгани мақсад мувофиқ. Айни кунга қадар хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича тумандаги 5 нафар аёлларга ҳимоя ордерлари берилди. Айрим сабабларга кўра уйидан ҳайдалган бир нафар аёл тарғибот-тушунтириш ишларидан сўнг уйига қайтарилди.

Шаҳрихон туманида жорий йилнинг бугунги кунига қадар бир нафар жазони ижро этиш муассасасидан қайтган аёл рўйхатга олинган. O’zLiDeP Шаҳрихон туман Кенгаши Аёллар қаноти гуруҳи томонидан ушбу фуқаронинг ҳолидан хабар олиниб, депутатлар кўмагида моддий ва маънавий, ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Бу каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, юртимизда хотин-қизларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликни юқори босқчига кўтариш, ҳар бир аёл, ҳар бир қизга миллат келажагини яратувчи, тарбияловчи куч сифатида қаралишини эътироф этиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш сингари хайрли ишларга кенг йўл очишдир.

Умидахон ИСАЕВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Аёллар қаноти бўлими мудири

  • Кўрилди
    214
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+