Ижтимоий тадбиркорлик – инсонпаварлик ва ижтимоий адолат намунаси

24.11.2020, 18:14

Ижтимоий тадбиркорлик – инсонпаварлик ва ижтимоий адолат  намунаси

Мамлакатимиз тараққий этгани сайин янги қонунларга эҳтиёж пайдо бўлаяпти. Бу юртимизда том маънода фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида собитқадамлик билан ҳаракат қилинаётганидан далолат бермоқда. Партиямиз илгари сурган ғоя – Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойилларини янада юксалтириш йўлидаги қадамлардан биридир.

“Ижтимоий тадбиркорлик” атамаси тилимизда кам ишлатилаётган бўлса-да, бу дунё миқёсида кенг қўлланилаётган ҳамда қонун билан мустаҳкамланган тамойиллардан саналади. Мисол учун ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ муносабатлар Корея, Италия, Буюк Британия, Бельгия, Польша АҚШ, Хитой ва бошқа давлатлар қонунчилигида ўз ифодасини топган ва ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишда давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорликнинг ўзига хос модели шакллантирилган.

Шу маънода айтиш жоизки, ижтимоий тадбиркорлик бу - ижтимоий адолат ва жамият манфаатларининг устуворлиги билан боғлиқ фаолият туридир. Бу соҳа бўйича тадбиркорлик қилишга бел боғлаган шахс энг аввало ватанпарвар бўлиши, юрт, одамлар ва эл манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиши лозим. Бу жиҳат “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳам ўз аксини топган. Унда ижтимоий корхона очаётган тадбиркорлик субъекти ходимларининг умумий сонида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар кабида 70 фоизни ташкил этиши белгиланган. 

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 70 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектлари ижтимоий корхоналар реестрига киритилади. Ёки ишлаб чиқарадиган товарларини ёки кўрсатадиган хизматларини сотишдан тушган тушум умумий ҳажмининг камида 50 фоизи ижтимоий товарларни сотишдан ёки ижтимоий хизматлар кўрсатишдан тушган тушум ташкил этадиган тадбиркорлик субъектлари ижтимоий корхона мезонларига мос келади. Тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши уларнинг солиқ ҳисоботларини ўрганиш орқали солиқ органлари томонидан аниқланиши ҳам қонун лойиҳасида белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан ифодалаганда, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилса, нафақат ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг яшаш, турмуш  шароитлари яхшиланади, балки уларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш учун ҳам қулай имкониятлар яратилади.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O’zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    397
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+