Шовотда кластер ва фермерлар ўртасидаги муаммолар очиқ мулоқотда муҳокама қилинди

30.11.2020, 18:03

Шовотда кластер ва фермерлар ўртасидаги муаммолар очиқ мулоқотда муҳокама қилинди

O’zLiDePнинг “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми жойларда самарали ташкил этилмоқда.

Шовот туманида бўлиб ўтган мулоқотда тадбиркорлар ва фермерлар муаммолари ўрганилди ва уларнинг ечими изланди.

Халқ депутатлари Шовот туман Кенгаши депутати Мухаббат Яхшимуратова ўз  ҳудудидан 4 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилгани, уларнинг  2 нафарининг мурожаати қаноатлантирилгани, қолган 2 нафари чорвачилик йўналишида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш мақсадида эканини айтди. Ушбу муаммолар мутасадди ташкилотлар орқали ҳал этиладиган бўлди.

Яна бир фаол депутатимиз Абдумалик Матвафаев 22-“Эшонқальа” сайлов округидан сайланган. Депутатга шу ойда 3 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 2 таси ишга жойлаш масаласида мурожаат қилган ва депутат кўмагида 1 нафар фуқаро “Шовот”текстил МЧЖга ва яна 1 нафари чорва комплексига ишга жойлашган. Яна бир фуқаро аҳолига давлат томонидан тарқатиладиган унни биржа орқали сотиш эмас, балки эркин савдога чиқаришга кўмаклашиш борасида мурожаат қилган. Ушбу масалада депутат форум иштирокчиларига юзланди ва бу борада мутасаддиларнинг ҳам фикрини ўрганди.

Тумандаги ёш тадбиркор Иқболой Дўстчанова нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Бугунги кунда 17 нафар “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаб келмоқда. Тадбиркорга нон маҳсулотлари ишлаб чиқариши учун давлат томонидан 1 ойга 9 тонна ун маҳсулоти ажратилаётгани, лекин тадбиркорнинг ишлаб чиқариш ҳажми кўплиги, маҳсулотига талабнинг юқорилиги сабаб ажратилаётган ун миқдори етмаётгани, айни пайтда тадбиркор 12 тонна ундан маҳсулот чиқараётгани, қолган унларни қиммат нархда сотиб олаётгани сабаб ўз фаолиятини янада кенгайтира олмаётганини айтиб форум иштирокчиларига юзланди ва фонддан ажратилаётган ун миқдорини янада кўпайтиришда кўмак сўради.

Бу билан ёш тадбиркор давлат нархида унни сотиб олиши ишчиларининг ойлик маошларини кўпайтиришга, яна қўшимча иш ўринлари яратиб “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг ҳам бандлигини таъминлаш ниятида эканлигини билдирди.  

“Катқальа” маҳалласида яшовчи Умиджон Машарипов олдин тумандаги “Катқалъа тех”да мехнат қилган. Шу пайтда 32 фоиздан истеъмол кредити олиб, фойдаланган. Ўзининг ва аёлининг соғлиги ёмонлашгани сабаб ишлашга имкони бўлмаган ва бугунги кунда оила аъзоларининг барчаси ишсиз, моддий ёрдамга муҳтож ахволда кун кечирмоқда. Яқинда соғлиги ёмонлашгани сабаб 1 ҳафта шифохонада даволаниб чиққан. Ўзлари зўрға кун кечираётган бир пайтда ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида олган кредит тўловини қайтаришга қийналмоқда. Фуқаро бу борада ўзи ва аёлига иш зарурлиги айтиб мурожаат қилди. Тадбир давомида У.Машариповнинг муаммосини туман кенгаши депутати Қурамбой Қўчқаров ўз назоратига олди ва албатта амалий кўмак беришини билдирди.

“Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми доирасида туман миқёсидаги яна бир катта муаммога аҳамият қаратилди.

Шовот тумани қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кластерлик фаолияти борасида нафақат вилоятда, балки республикада етакчи ўринни эгаллайди. Тумандаги фермерлар жорий йилда ғалла ва пахта шартнома режаларини ортиғи билан бажарганлар. 360 нафар ана шундай илғор фермерлар тумандаги мавжуд 1 та “Шовот текстил” МЧЖ қўшма корхонасидаги кластерга бириктирилган бўлиб, улар билан шартнома қилганлар. Пахтани топшириш борасида, нархларни белгилаш ва сотишда ва маблағларни ўз вақтида ўтказиб беришда ўзаро келишмовчиликлар келтириб чиқармоқда. Бу ҳолат бошқа туманларда ҳам кўзга ташланаётганлиги айтиб ўтилди.

Ушбу муаммони ҳал этишнинг биргина йўли фермерлар билан кластерлар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмагани ва бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатларимиз ва сенаторларимизга таклифлар киритиш зарурлиги борасида ўртоқлашилди.

Шунингдек, форум доирасида яна депутатларнинг шу кунгача қилган амалий ишлари ва галдаги вазифалари борасида ҳам ўртоқлашилди.

 Нилуфар Джаббарова,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим сектори мудири

  • Кўрилди
    337
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+