Жиззахда аҳоли томорқаларини ривожлантиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди

02.12.2020, 18:05

Жиззахда аҳоли томорқаларини ривожлантиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши  билан ҳамкорликда Зомин ва Ғаллорол туманларида томорқалардан самарали фойдаланиш юзасидан амалий семинарлар ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O`zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов,  жойлардаги сектор раҳбарлари, соҳа мутахассислари, депутатлар, маҳалла раислари ва уларнинг томорқа масалалари бўйича ўринбосарлари, маҳалла аҳли иштирок этган мазкур семинарларда айни кунларда тўқсонбости экинларини экиш, аҳоли томорқаларида иссиқхоналар қуришни жадаллаштириш, уруғ, кўчат етказиб бериш, самарали иш тажрибаларини оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Коронавирус пандемияси туфайли долзарб масалалардан бирига айланган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш ўта муҳим ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, бу борада жойларда  бир қатор диққатга сазовор  ишлар  амалга оширилмоқда.

Бунга дастлаб Зомин туманидаги “Оқтепа” маҳалласида истиқомат қилувчи Ғайрат Абдураимов хонадонига ташриф буюрган семинар иштирокчилари  ҳам гувоҳ бўлишди.  Маълумотларга қараганда, туманда  128.8 гектар аҳоли томорқасига  пиёз ва саримсоқпиёз экинлари  экилган. 334.3 гектар томорқа ер майдонларига тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши белгиланган бўлиб, айни пайтда 181.5 гектар сабзавот экинлари экилиши таъминланган. Аҳоли томорқаларида 41 та 1-1,5 сотихли ихчам иссиқхонлар қуриб битказилган. “Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили” асосида жорий йилда тумандаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғинлари хонадонларини муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштириш, икки ва уч марта ҳосил олишни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Семинар давомида туманда  285 гектар аҳоли томорқаларига тўқсонбости экинларини экишни якунлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзон нархларда “даладан дўконгача” тамойили асосида етказиб бериш мақсадида Навоий,  Ўзбекистон, Қўрғон, Ғаллакор МФЙларида жами 9 та енгил конструкцияли “дала дўконлари” ва кичик ҳажмдаги музлаткич омборлари қуриш ишларини ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилиниб, амалий ишлар белгилаб олинди.

Шароф Рашидов туманидаги “Холмўминов Зоҳид” фермер хўжалиги далаларида давом этган  семинарда эса, ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш тажрибаси бевосита фермер хўжалиги раҳбари, O`zLiDeP фаоли, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шарофат Нориева фаолияти мисолида кўриб чиқилди. Гулчилик, эчкичилик, қўйчилик, товуқчилик, қуёнчилик ва бошқа соҳалар фаолиятини йўлга қўйган фермер хўжалигида пандемия шароитида аҳолига ёрдам бериш мақсадида “Олмачи шунқорлари” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилди. Айни пайтда 17 гектардан ошиқроқ майдонда 55 киши 10 хилдан ошиқ экин турларини парвариш қилишмоқда. Семинар иштирокчилари фермер фаолияти билан танишар эканлар, нафақат томорқа балки чорва моллари, паррандачилик, қуёнчилик билан шуғулланишни истаган аҳоли вакилларига ҳам етарлича имконият яратиб бериш мумкинлиги масаласига алоҳида эътибор қаратишди.

Семинар сўнгида муҳокама қилинган масалалар ижросини таъминлашда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, томорқачиликни ривожлантириш борасида ёрдам сўраб қилинган ҳар бир мурожаатни эътибордан қолдирмаслик борасида аниқ чора –тадбирлар келишиб олинди.

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши 

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    283
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шоира Равшановна2020-12-03 20:21:49

Юрт тараккиетига хисса кушаетган, ташаббускор тадбиркорларимиз купаяверсин! Шунингдек, Хар Бир фермер еки тадбиркорнинг муаммоси Билан кизикиб, уларга мотивация берадиган Актам Ахматович жамоасига хам муваффакиятлар хамрохлигини тилаб коламиз!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+