Аёли шарафланган юртнинг истиқболи порлоқ бўлади

30.12.2020, 15:45

Аёли шарафланган юртнинг истиқболи порлоқ бўлади

Янгиланишлар даври келди. Энди эскича фикрлаб, эскича яшаб бўлмайди. Ҳаёт, ислоҳотлар ва давр шиддати шуни таказо этаяпти. Янги Ўзбекистонни барпо қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз бугунги барча соҳалардаги юксалишлар мисолида яққол намоён бўлаяпти. Ҳаётбахш ислоҳотлар шаҳду шиддатини оддий бир тадбиркор кўзи билан қараганда яққол кўраяпман ва ҳис қилаяпман. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу борада бир йил давомида қилинган ишлар сарҳисоб қилиниб, Янги 2021 йилдаги вазифалар белгилаб олинди.

Бу галги Мурожаатномани тинглар эканман, беихтиёр ич-ичимдан қувониб кетдим. Президентимиз айтган ҳар бир фикр замирида халқ манфаати, юрт тараққиёти ҳамда иқтисодий юксалишларни кўриш мумкин. Бундан ҳар биримиз мамнун бўлишга ҳақлимиз.
Мурожаатномада Президентимиз ишимиздаги энг катта камчилик – билим етишмаслиги эканини таъкидлаб, афсуски бу барча соҳаларда сезилаётганини қайд этди. Шу фикрга тўла қўшилган ҳолда айтмоқчиманки, агар биз илмли бўлишга интилсак, фарзандларимизни ақлли, зукко ва билимдон қилиб тарбияласак, албатта, марра бизники бўлади. Тараққий этган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизидан ортиғи “билимлар иқтисодиёти” ҳисобидан, яъни инновациялар ва юқори малакали кадрлар томонидан яратилаётгани ҳақида фикрларни ҳар бир соҳа вакили, у ким бўлишидан қатъи назар ёддан чиқармаслиги лозим.

Айниқса, хотин-қизларимиз ҳар томонлама дунёқараши кенг, билим ва салоҳияти юксак бўлишига эришишнинг аҳамияти катта. Сабаби улар жамиятда оналик шарафига муяссар бўлишади. Она билимдон, зийрак ва ақлли бўлса, унинг қўлида тарбия топган фарзандлар ҳам шу йўлдан кетади. Аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши бошқа ишбилармон аёллар каби мени ҳам жуда қувонтирди.

Шу маънода айтишим жоизки, мен раҳбарлик қилаётган “Сетора имкон плюс” нодавлат таълим муассасасида хотин-қизлар ва ёшлар 3 ойлик курсларда 18 турдаги касбга ўқитилмоқда. Муассасамизда ҳар йили 600 нафардан зиёд хотин-қиз ва ёшлар ўқиб, ҳунар ўрганишмоқда ва уларнинг аксарияти ўзини-ўзи иш билан банд қилиш бўйича бизнесини йўлга қўйишмоқда. Аминманки, Президентимиз Мурожаатномасида айтиб ўтилганидек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, касбга ўргатиш ва ҳаётга тайёрлашда 2021 йилда ҳам фаолиятимизнинг асосий мезонига айланади. Зеро, аёли шарафланган юртнинг истиқболи порлоқ бўлади.

Наргиза Саломова,

Яккабоғ туман Кенгаши депутати.

  • Кўрилди
    270
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+