Камбағалликни қисқартиришда ҳақиқий ҳолатни назоратга олиш лозим

22.01.2021, 16:26

Камбағалликни қисқартиришда ҳақиқий ҳолатни назоратга олиш лозим

Халқимиз жуда олижаноб. Улар орасида шундай камтарин, камсуқим кишилар борки, оиласи ночор, ўзи касалманд бўлса-да, идорама-идора юришни, бировдан ёрдам сўрашни исташмайди. Имкон қадар ўзи ҳаётини яхшилашга, турмуш қийинчиликларини енгиб ўтишга интилади. Мамлакатимизда айнан шундай кишилар оиласи бир четини кўтариб юбориш, камбағалликдан чиқариш бўйича иш олиб бориляпти. Аммо, бу борадаги ҳақиқий ҳолат ўрганилганда, баъзи маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан холис ва ҳаққоний иш олиб борилмаганининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Юқорида айтганимиздек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган, камбағал, ногирон ва рўзғори ночор кишилар қолиб, ўзи тўқ, қўлидан иш келадиган ва бизнеси мавжуд фуқароларга моддий ёрдам ва ижтимоий кўмак берилмоқда. Ўзим вилоятларга чиққанимда бир қатор шунга ўхшаш ҳолатларнинг гувоҳи бўлдим. Нега шундай бўлаяпти? Нега маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарлари камбағал, бева-бечорлар қолиб, аҳолининг тўқроқ қатламини қўллаб қувватлаяпти?

Президентимизнинг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги  Фармони лойиҳаси умумхалқ муҳокамага қўйилганинг боиси ҳам аслида шунда. Биргина камбағалликни қисқартириш эмас, балки барча соҳаларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, ана шу дастурга таклифлар бериш белгиланди.

Шу жиҳатдан айтмоқчиманки, камбағалликни қисқартириш, кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бор фуқароларга нафақалар ажратишда ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд оилаларга ажратилаётган моддий ёрдамларни ўз эгаларига етказишда ҳақиқий ҳолатни назоратга олишни кучайтириш лозим. Ишсиз аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятига жалб қилишнинг янги механизмларини ишлаб чиқишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Бу механизм қандай бўлишидан қатъий назар мунтазам давлат ва жамоат ташкилотлари назоратида бўлиши жуда муҳимдир.

  Дилбар Усмонова,

  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    200
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+