“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

06.01.2021, 12:40

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда сўнгги тўрт йилда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида Президентнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қайд этиш жоизки, мазкур Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давомидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Қонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

маъмурий тартиб таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Шуларга асосан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштирилиши, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга эришиш билан бир қаторда, энг аввало, фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосининг бир жойда ҳал қилиниши имконини беради.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

  • Кўрилди
    394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+