Қорақалпоқ халқи ҳаётининг реал яхшиланишига эришиш – асосий мақсадимиз

12.11.2020, 09:16

Қорақалпоқ халқи ҳаётининг реал яхшиланишига эришиш – асосий мақсадимиз

Жорий йилнинг октябрь ойида давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонда туман ва тармоқларни  ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари ҳақида тўхталиб, бандликни таъминлаш, камбағалликни  қисқартириш, инвестиция лойиҳаларини амалга  ошириш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, уй-жой қурилиши, ижтимоий инфратузилма соҳалари салоҳиятидан фойдаланиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.

Шунингдек, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сесиясидаги ўз нутқида Оролбўйи ҳудуди  экологик фожеанинг марказига айланганини қайд этгани ҳам ёдимизда. Шу боис, ЎзЛиДеП аъзолари давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида махсус резолюциясини қабул қилиш ҳамда ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган сана – Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашни муҳим деб ҳисоблайди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон юзага келган  вазиятни яхшилаш бўйича  кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Масалан, Қорақалпоғистон  Республикасининг ҳар бир туманида 2 тадан фаолият тури ўзига хос “ўсиш нуқта”си этиб белгиланди. Хусусан, юқоридаги фаолият турлари билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари 3 йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан озод этилади.

Биз  юртбошимизнинг Тошкентда бўлаётган янгиликлар Нукусга ҳам келиши керак, деган фикрига алоҳида эътибор қаратамиз. Айнан шу масалалар жорий йилнинг 10 ноябрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида кўриб чиқилди.

523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, қарийб 20 мингта янги иш ўринлари яратиш мўлжаллангани келгуси ишларнинг кўламини кўрсатиб турибди. Бу борада партиямиз қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш, хусусан, пахта етиштириш бекор қилинаётган 12 минг гектар майдонда экспортбоп сабзавот экинларини жойлаштириш, фойдаланишдан чиққан 36 минг гектар ерни қайта ўзлаштириш, “Қорақалпоқ-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш устидан депутатлик назоратини ўрнатиш  ниҳоятда муҳим деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманларини ривожлантириш  бўйича алоҳида чоралар белгилангани ҳам диққатга сазовордир. Эндиликда бу туманларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун 2021-2023 йилларда 409 миллиард сўмлик 172 та лойиҳа амалга оширилади. Партиямиз  давлатимиз раҳбарининг  янги корхоналар ташкил этиб, аҳолини  иш билан таъминлаш,  оилаларни камбағалликдан олиб  чиқишга кўмаклашиш муҳим деган сўзлари амалда тадбиқ этилади – деган қатъий фикрда. Қорақалпоғистонда  ишларни янгича ташкил этиш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш ва даромадларини ошириш бўйича янги тизим ташкил этилишига ишончимиз комил.

Эътиборга молик жиҳати, яқинда O'zLiDeP фракцияси  вакилларининг Оролбўйи минтақасига уюштирган сафари, у ердаги аҳоли олиб борилаётган туб ўзгаришларни қўллаб-қувватлабгина қолмай, давлатимиз  раҳбари  томонидан белгиланган вазифаларга эришишда  ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини ҳам кўрсатди.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

 O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    107
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+