Байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзи

18.11.2020, 19:43

Байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзи

Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Боиси, давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Лекин дунёда биронта рамз ёки тимсол давлатни, миллатни жаҳонга Давлат байроғидек танита олмайди.

Бинобарин, миллий давлатчилигимиз тарихининг барча даврларида давлат рамзлари, хусусан, байроқ Ватан тимсоли сифатида муқаддас саналган. Буюк бобомиз Амир Темур ҳам давлат рамзларига жиддий эътибор қаратганини жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам, Ватани байроғини баланд тутишига фармон берганидан билса бўлади. У киши ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди.

Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган.

Бугун ҳам ватан байроғи деганда, кўз олдимизда бутун бир мамлакатнинг тимсоли, жаҳоннинг сиёсий-ижтимоий харитасидаги қиёфаси гавдаланади. «Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир», деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мазкур қонунга янги 51 ва 52-моддалар ҳам киритилиб, давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш тартиби мустаҳкамланди. Хусусан, 51-моддага кўра, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари давлат реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади. Қонунчиликдаги бундай ўзгаришлар шубҳасиз, давлатимиз рамзлари элементларидан хусусий манфаат йўлида фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Байроқ – бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир. У ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам дунё мамлакатларидаги кўплаб элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб турибди.

Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари эса албатта, қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдиради. Ўзбекистонимиз байроғи билан ғурур ва ифтихорга тўла манзаралар бизни фидойиликка, ватанпарварликка, янги марраларга чорлайди.

Мағрур ҳилпираётган байроғимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-ободлик, миллатлараро тотувлик, қут-барака, биз эришаётган бемисл ютуқлар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч рамзи сифатида қалбимизга туганмас ифтихор бағишлайди. Фарзандларда байроққа — Ватанга меҳр-муҳаббат туйғулари шаклланади. Энг муҳими, бола ота-она билан байроққа бирдек меҳр қўйиб вояга етади, ота-онасига қандай садоқатли бўлса, байроққа, Ватанга ҳам шундай садоқатли бўлади.

Бугун давлатимиз байроғининг қабул қилинганлигига 29 йил тўлди. 1991 йилнинг 18 ноябри эса «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинган сана сифатида тарихимизга муҳрланди. Зотан, байроқ бу – эркинлик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсолидир. У бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    80
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+