Фаоллик масъулиятни ҳис қилиш демакдир

04.02.2021, 10:15

Фаоллик масъулиятни ҳис қилиш демакдир

Мамлакатимиздаги бошқа партиялар етакчилари қатори биз – O‘zLiDeP раҳбарлари ҳам куни кеча муҳтарам Президентимиз билан мулоқот қилдик. Самимий, очиқ-ошкора кечган учрашувда партияларнинг жамиятимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш масалалари, бугунги кунда улар олдида турган асосий вазифалар ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партияларнинг ўрни катталиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари сиёсий партиялар фаолияти бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда чуқур таҳлил қилиниши зарурлиги, уларнинг ишини такомиллаштириш ва самарасини ошириш хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирди. Шундан келиб чиқиб, партиямиз фаолиятига холис нигоҳ ташлаш, айрим муаммолар борлигини тан олиш, уларнинг ечимини излаш мақсадга мувофиқ. Албатта, кичик бир мақолада партиямизнинг кенг миқёсли фаолиятини таҳлил-тадқиқ қилиш, атрофлича баён этишнинг имкони йўқ. Бинобарин, фаолиятимизнинг бир неча  йўналиши, режаларимиз ва айрим камчиликларни тилга олиш билан кифояланаман.  

Мамлакатимиз ҳар соҳада янгиланиш даврини бошдан кечирмоқда. Президентимиз ташаббуси билан халқимиз замонавий илм-фан ва юқори технологияларга асосланган Янги Ўзбекистонни қуриш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришди. Бу вазифа бажарилишини юксак салоҳиятли, баркамол ёш авлод иштирокисиз тасаввур этиш қийин. Шу мақсадда Янги Ўзбекистонда келажагимиз эгаларининг ҳар жиҳатдан етук бўлиб улғайишига улкан эътибор бериляпти.

Партиямиз аъзоларининг қарийб 52 фоизи 34 ёшгача бўлган ёшлардир.Шу боис мазкур йўналишда самарадор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш асосий мақсадимиздир. Хусусан, яқинда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойилига асосан “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, фойдали ишларга жалб этиш бўйича янги партиявий лойиҳаларни амалга оширишни бошлаймиз.

Шу йил 28 январь куни давлатимиз раҳбари Корея Республикаси Президенти билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди. Унда саноатни ривожлантириш, замонавий АКТ соҳасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳақида сўз юритилиб, мулоқот поёнида “Тўртинчи саноат инқилоби” жараёнларида иштирок этиш, илғор технологиялар ҳаётга татбиқ қилинишига ҳисса қўшиш мақсадида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Эътиборлиси, мазкур йўналиш сайловолди дастуримизда белгиланган энг муҳим вазифалар сирасига киради. Икки давлат ҳамкорлиги партиямизнинг бу борадаги ишларини янги босқичга олиб чиқади. Тегишли вазирлик ва идоралар, партия фаоллари, соҳа мутахассислари ва экспертлар билан биргаликда “Тўртинчи саноат инқилоби”га ўтиш бўйича дунё мамлакатлари тажрибасини ўрганиш ва бу йўналишда иш олиб бораётган комиссия фаолиятини такомиллаштириш,  ишлаб чиқилаётган дастурларга таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.

Партиямиз ижтимоий йўналишда ҳам бир қанча тадбирларни амалга оширяпти. Хусусан, аёллар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда жойларда “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида стол тенниси, кураш, волейбол, баскетбол бўйича турли мусобақалар ташкил этилмоқда.

Шундай масалалар борки, улар ҳал қилинишида партиямиз бевосита иштирок этиши лозим. Масалан, хусусий секторда яхши мутахассислар етишмаяпти. Бирор маҳсулот ишлаб чиқармоқчи бўлган тадбиркор юқори малакали кадрларга катта эҳтиёж сезмоқда. Бу эҳтиёжни билимдон мутахассислар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш йўли билан қондириш мумкин.

Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, уларга товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун давлат мулки объектларини сотишда бюрократик тўсиқлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Партия бу масалага тааллуқли ишларини янада жонлантириши, ечимлар топиш учун манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда фаол иш олиб бориши тақозо қилиняпти.

Халқ билан мулоқот қилиш, улар билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйишда сустмиз. Бу муаммо партиямизда интернет, ижтимоий тармоқлар билан ишлайдиган, АКТ технологияларни яхши биладиган кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ. Сайлов йилида бу камчилик бизга панд бериши мумкин. Шу боис Мурожаатномада акс этган вазифалардан келиб чиқиб, партиянинг ижтимоий тармоқларда, босма нашр ва веб-сайтида сайловолди тарғиботни кучайтириш ва бунда замонавий пиар технологиялардан фойдаланишни кўзда тутувчи медиа-режа ишлаб чиқдик. Фаолиятимизга холис баҳо бериш ҳамда уни кенг ёритиш мақсадида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган журналистларни ҳамда партияга турғун блогерларни  жалб қилишни мақсад қилганмиз. 

Бугунги кунда маҳаллий Кенгашларда 2267 нафар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 53 нафар O‘zLiDePдан сайланган депутатлар фаолият юритмоқда. Сон жиҳатдан энг катта депутатлик корпусига эгамиз, лекин вакилларимизнинг имконият ва ваколатларидан тўла фойдалана олмаяпмиз. Депутатларимизнинг кўпчилиги биринчи марта сайланган, уларнинг муайян қисмини ёшлар ташкил этяпти. Улар ўз бурч ва ҳуқуқларини тўла англаши учун сиёсий ўқувларни кўпайтиришимиз зарур. Ҳар ойда партиянинг Сиёсий таълим маркази томонидан депутатлар учун ўқувларни тизимли тарзда ташкил этамиз. Бу ўқувлар орқали нафақат депутатлар, балки партия ташкилотларининг 602 нафар ходими,  14 мингдан зиёд партия фаоли  қамраб олинади.

Олдимизда жиддий ва долзарб вазифалар турибди. Президентимиз куни кеча бўлиб ўтган очиқ мулоқот оғида партияларнинг жамиятимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратганликлари, шунингдек, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, айниқса камбағалликни қисқартириш ҳамда иқтисодиётимиз локомотивлари ҳисобланган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали бу соҳани юксак даражада ривожлантириш, одамларни иш билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган бир пайтда қабул қилинаётган қонунлар, дастурлар ижросини назорат қилиш парламент палаталари ва маҳаллий кенгашлар, жумладан, партияларга ҳам катта масъулият юклашини чуқур ҳис этдик.

Бир сўз билан айтганда, учрашувда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар, ўринли таклифларни фаолиятимизга қисқа фурсатда жорий этамиз. Халқ билан, сайловчилар билан, партиямизнинг ҳар бир аъзоси, тарафдорлари, хайрихоҳлари билан янада яқин бўлиб, янги-янги мақсадлар рўёби учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз. Зотан, бундан буёғига халқ ишончини оқлаш – биринчи галдаги вазифамизга айланади.

Актам Ҳаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси, Олий  Мажлис  Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    336
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+