Ўзбекистонда ижтимоий шерикликнинг замонавий моделини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди

28.05.2020, 21:23

Ўзбекистонда ижтимоий шерикликнинг замонавий моделини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва бу жараёнда ижтимоий шериклик муносабатларини такомиллаштириш механизмларини амалиётга жорий этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташаббуси билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистонда ижтимоий шерикликнинг замонавий моделини ишлаб чиқиш” мавзусидаги онлайн давра суҳбати ана шундай муҳим масалалар таҳлилига бағишланди.

Видеоконференцияда  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат 100 нафарга яқин мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Мазкур мулоқот Ўзбекистон Миллий университетида бажарилаётган ПЗ-2017093070 сонли “Ўзбекистонда ижтимоий шерикликнинг бугунги кун талабларига мос келадиган моделларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида ташкил этилди.

Давра суҳбати ижтимоий шериклик жараёнларини назарий жиҳатдан тадқиқ этувчи етакчи олимлар ҳамда шу йўналишида бевосита фаолият олиб бораётган амалиётчи мутахассисларнинг илғор тажрибаларини умумлаштириш, оммалаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ушбу ҳамкорлик мамлакатимиз ривожининг янги босқичида ижтимоий шериклик жараёнларининг самарадорлигини янада оширишга ҳизмат қилишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мулоқот жараёнида ижтимоий шериклик моделларини тадқиқ этишнинг назарий асослари, ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида ижтимоий шерикликнинг самарали моделлари, ижтимоий шерикликнинг замонавий моделларини амалга оширишнинг механизмлари, усуллари ва воситалари атрофлича муҳокама қилинди.

Иштирокчилар томонидан Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш каби мавзуларда маърузалар қилинди.

Ушбу маърузалар катта қизиқиш билан тингланди ва қизғин муҳокама қилинди, иштирокчилар томонидан аниқ таклифлар ва фикрлар ўртага ташланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратган ҳолда ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлишлиги, бунинг учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтириш кераклиги борасида аниқ кўрсатмалар бериб ўтилган эди.

Бугунги давра суҳбатида муҳокама қилинган масалалар Президентимиз белгилаб берган ушбу вазифаларга ўзига хос самарали ечим бера олишлигига ишонч билдирилди.

  • Кўрилди
    379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+