Карантин талабларига якдиллик билан амал қилмасак, пандемия занжири узилмайди

16.07.2020, 16:18

Карантин талабларига якдиллик билан амал қилмасак, пандемия занжири узилмайди

Бутун дунёни хавотирда ушлаб турган пандемия ортга чекинмаяпти. Ҳозирча унинг аниқ давоси ҳам мавжуд эмас. Мамлакатимизда ҳам коронавирусга чалинганлар сони кўпайганлиги боис карантин талаблари янада кучайтирилганидан барчамиз бирдек хабардормиз.

Олдин ҳам кўп марта таъкидлаганимиздек, карантин талаблари кучайгани билан унга бир ёқадан бош чиқариб қатъий амал қилмасак, зарурат бўлса бўлмаса кўчага чиқсак, турли йиғинлар ташкил қилаверсак пандемия ортга чекинмайди. Уни енгишни бирдан-бир йўли ўз-ўзини яккалаш, шифокорлар кўрсатмаларига сўзсиз амал қилишдан иборат бўлиб қолмоқда. Зеро давлатимиз раҳбари ҳам жорий йилнинг 14 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Ўзимиз кўряпмиз, дунёда қайси давлатда тиббий маданият, тартиб-интизом кучли бўлса, ўша мамлакат пандемиядан энг кам талофат билан чиқмоқда” дея алоҳида таъкидладилар.

Ҳукуматимиз биринчи кунларданоқ касалликка қарши тиш тирноғи билан курашиб келаяпти. Одамлар саломатлиги йўлида қанча маблағ, қанча дори-дармон керак бўлса сарфлаяпти. Ҳар бир беморга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Шу кунларда юртимизда вирусни юқтирганлар сафи соат сайин, кун сайин кўпаймоқда. Табиийки, тиббий дори воситаларига эҳтиёж ҳам ўз-ўзидан ошиб бораверади. Реал вазиятни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан касалликка қарши курашишни янада жадаллаштириш мақсадида келгуси уч ой учун тиббий захира ва имкониятларни олдиндан тайёрлаб қўйиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Лекин бир нарсани унутмаслик керак. Давлат ўз функцияни қанчалик яхши бажармасин, аҳоли карантин талабларига якдиллик билан амал қилмас экан, касаллик занжири узилмайди. Вазият ёмон томонга силжишдан тўхтамайди.

Халқ вакили сифатида барча сайловчиларга, барча юртдошларимизга мурожаат қилиб уларни шу кунларда ҳукуматимиз атрофида янада жипслашишга, сабрли бўлишга, пандемияга қарши курашишга қаратилган ягона режага амал қилишга чақираман. Барчамиз фарзандларимиз, яқинларимиз соғлиги учун яна озгина чидашимиз, карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Бирлашсак муродга етамиз.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+