O’zLiDeP қашқадарёлик ёшлар ўртасида математика фанидан “Лицей кубоги” мусобақасини ташкил этди

12.01.2021, 15:32

O’zLiDeP қашқадарёлик ёшлар ўртасида математика фанидан “Лицей кубоги” мусобақасини ташкил этди

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти Қарши филиали ҳузуридаги академик лицей ҳамкорлигида иқтидорли ёшларни қўллаб қувватлаш мақсадида умумтаълим мактаблари ва академик лицейларнинг 10-синф ўқувчилари ўртасида  математика фанидан соврин жамғармаси 1 000 000 сўм бўлган "Лицей кубоги" мусобақаси ташкил этилди.

Илк бор ўтказилаётган мазкур беллашувда вилоятнинг турли ҳудудларидаги таълим муассасаларидан 70 нафар иқтидорли ўқувчи математика фанидан икки босқичда тузилган амаллар юзасидан баҳс олиб боришди. Мусобақани шаффоф ва ҳаққоний тарзда ўтишини таъминлаш мақсадида жараёнларни маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ота-оналар кузатиб боришди.

Қизғин беллашувларга бой ўтган мазкур мусобақада Қарши туманидаги 24-мактаб 10-синф ўқувчиси Машҳура Ҳақбердиева энг кўп балл тўплаб,  “Лицей кубоги” соҳиби бўлди ва соврин жамғармасида белгиланган 1 миллион сўм пулни қўлга киритди. Шунингдек, беллашувда Қарши шаҳридаги 19-мактаб 10-синф ўқувчиси Акбар Ибодов иккинчи, Ғузор туманидаги 68-мактаб 10-синф ўқувчиси Отамурод Нормуродов учинчи ўринни эгалладилар.

-Математика фанидан “Лицей кубоги” мусобақасини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад  янги ташкил этилган муассасамиз  салоҳиятини аниқлаш, рейтинг кўрсаткичларини белгилашга қаратилгандир, - дейди Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали ҳузуридаги академик лицей директори Ёрқин Тошмуродов. – Бундан ташқари ёшлар ўртасидаги ўзаро илмий мулоқот, уларни математика ва бошқа аниқ фанларга қизиқишини ошириш ушбу танлов негизини ташкил этди. Партия билан ҳамкорликда иқтидорли ёшлар ўртасида “Лицей кубоги” баҳсини ҳар ойда ўтказиб туришни мўлжаллаяпмиз.

Беллашув якунида Қарши тумани Кенгаши депутатлари Анвар Ўткиров ва Дилшод Турсунов ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    156
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+