Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш — депутатлик фаолиятининг муҳим йўналиши
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди. Ушбу мақсадлар O'zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги амалий ишлар билан ҳамоҳангдир.
Куни кеча Қоракўл тумани, “Реги Ҳайдар” МФЙ ўтказилган сайёр қабул ана шу мақсад рўёбига хизмат қилди. “Ибн Сино” номли жамоат саломатлиги техникумида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Комилжон Рўзиев ташаббуси билан сайловчилар ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқотда “45-Сайёт” сайлов округига кирувчи 11 та МФЙдан 100 нафарга яқин фуқаро иштирок этиб, имтиёзли кредит ва суда олиш, касб-ҳунар ўрганиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда оилавий даромад манбаларини кенгайтириш масалаларини кўтарилди.
Мулоқотда аҳоли даромадларини ошириш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган мурожаатларга амалий ечимлар берилди. Хусусан, “Зиёрат” МФЙдан Нилуфар Эргашева ва Шерзамон Бадриддинов, “Кулолчи” МФЙдан Шаҳноза Ҳуддиева имтиёзли кредит ажратиш, фуқаро Сожида Поччаева эса суда олиш бўйича мурожаат қилди. Мазкур масалалар масъуллар иштирокида кўриб чиқилиб, фуқароларнинг мурожаатлари мулоқотнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Шунингдек, “Эски қалъа” МФЙда яшовчи, ижтимоий реестрга киритилган Санобар Шамсиеванинг логопед ва психолог мутахассислиги бўйича 6 ойлик ўқув курсларида таҳсил олиш истаги қўллаб-қувватланиб, курс харажатлари тўлаб берилди ва оиласи оталиққа олинди.
Камбағалликни қисқартиришда бир марталик ёрдамдан кўра, инсонга доимий даромад манбасини яратиш имконини бериш муҳим. Шу нуқтаи назардан, мулоқотда тадбиркорликни бошлаш, касб-ҳунар эгаллаш ва ёшларни меҳнат бозори талабларига мос кўникмаларга ўқитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, муҳтож фуқароларни тиббий муассасаларга жойлаштириш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг контракт тўловларига кўмаклашиш ва таъмирталаб ички йўлларни тартибга келтириш каби масалалар ҳам депутатлик назоратига олинди. Бу каби очиқ мулоқотлар муаммоларни жойида ўрганиш ва амалий натижага эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.