Asosiy kontentga o‘tish
Жума 06-ноябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Анқара саммити: туркий ҳамкорликнинг янги мезонлари ва Ўзбекистоннинг стратегик ўрни

06.11.2026
185

Шу йил 30 октябрда Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг 13-саммити бўлиб ўтди. Унда ташқи сиёсий ҳамкорлик, савдо, транспорт, саноат кооперацияси, рақамли иқтисодиёт, таълим ва маданият каби муҳим йўналишлар муҳокама қилинди. Саммит якунида қабул қилинган декларация ташкилотнинг келгуси фаолияти учун сиёсий йўналишларни белгилаб берди. Бироқ эришилган келишувларнинг аҳамияти уларнинг қамрови билангина ўлчанмайди. Асосий масала – илгари сурилган ташаббусларни амалий механизмларга айлантириш, уларнинг аъзо давлатлар иқтисодиёти ва аҳоли ҳаётига қандай натижа беришидир. Ўзбекистон учун бу жараёнда ўз миллий манфаатларини илгари суриш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга.

Кўп томонлама келишувларни амалга оширишда давлатларнинг тайёрлик даражаси муҳим албатта. Халқаро тажрибада бу масалага турлича ёндашилади. Масалан, Евросиё иқтисодий иттифоқида Комиссия ўз ваколати доирасида аъзо давлатлар учун мажбурий қарорлар қабул қилади. Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН)да эса умумий келишув асосида айрим иқтисодий мажбуриятларни дастлаб уларни бажаришга тайёр давлатлар амалга ошириши мумкин. ТДТнинг ташкилий тузилиши бу икки ташкилотдан фарқ қилади. Бироқ ушбу тажрибадан Ўзбекистон учун муҳим хулоса чиқариш мумкин: савдо, логистика ва рақамли ҳужжат алмашувига оид янги тартибларни дастлаб манфаатдор шериклар билан синаб кўриш, самарали натижа берган механизмларни кейинчалик ТДТ доирасида кенгайтириш имкониятларини ишлаб чиқиш.

“Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик” шиори Анқара саммитининг сиёсий руҳини ифодалади. Аммо тарихий ва маданий яқинликнинг иқтисодий самараси ўз-ўзидан юзага келмайди. Бунинг учун давлатлар ўртасидаги келишувлар тадбиркорлар фаолиятини енгиллаштирадиган, савдо ва инвестицияларга қулай шароит яратадиган аниқ механизмлар билан мустаҳкамланиши зарур.

Саммитнинг сиёсий моҳияти

Анқара саммитида Туркий давлатлар ташкилотининг фаолиятини ташкилий жиҳатдан такомиллаштиришга ҳам эътибор қаратилди. “Туркий дунё нигоҳи – 2040”да белгиланган мақсадлар асосида 2027–2031 йилларга мўлжалланган стратегияни ишлаб чиқишни якунлаш, стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартнома лойиҳаси устидаги ишларни давом эттириш ҳамда доимий вакиллик тизимини шакллантириш масалалари кун тартибидан ўрин олди. Бу жараёнлар ташкилотнинг фаолиятини саммитлар доирасидаги учрашувлар билангина чеклаб қўймасдан, қабул қилинган қарорлар ижросини мунтазам мувофиқлаштириб боришга қаратилган. Бунда асосий масала янги механизмларнинг ваколатлари ва масъулиятини аниқ белгилаш, уларнинг амалда самарали ишлашини таъминлашдан иборат.

Иккинчи томони шуки, аъзоларнинг ташқи сиёсий устуворликлари ва иқтисодий шериклари бир хил эмас. Шу сабабли декларация ягона ташқи сиёсатни эмас, халқаро ташкилотларда номзодларни ўзаро қўллаш ва ташқи ишлар вазирлари маслаҳатлашувлари орқали умумий масалаларда келишилган позицияни излайди. ТДТнинг БМТ Бош Ассамблеяси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига интилиши ҳамда “ТДТ плюс” доирасида учинчи томонлар билан ҳамкорлик ҳам шу мантиққа мос. Лекин кузатувчи мақомига интилиш уни қўлга киритиш билан тенг эмас.

Хавфсизлик йўналишида жиноятчиликка қарши ҳамкорлик кенгаши ва киберхавфсизлик бўйича меморандум устида иш давом этмоқда, яъни улар ишлаб турган тузилма эмас. Аммо иқтисодий аҳамияти катта: рақамли тўлов, электрон божхона ва юк ҳақидаги ахборот алмашуви кенгайгани сайин, бир мамлакатдаги киберҳужум бутун таъминот занжирини тўхтатиши мум­кин. Минтақавий масалалар орасида Ўзбекистон учун энг муҳими – Афғонистон: у ердаги барқарорлик Трансафғон темир йўли, жанубий бозорларга чиқиш ва чегара хавфсизлигига бевосита таъсир қилади. Бошқа можаролар бўйича баёнотларнинг қиймати кейинги дипломатик қадамлар билан ўлчанади.

Ўзбекистон – ташаббусларни шакллантираётган иштирокчи

Президентимиз нутқида саноат, транспорт, тижорат ҳуқуқи, туризм, таълим ва ташқи шериклик бўйича таклифлар билдирилди: “Туркий дунё – 100” дастури, тижорат ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам шартномаси ва электрон ҳужжат алмашиш платформаси, логистика комплекслари тармоғи, “ТДТ плюс” формати. Улар бир занжирнинг бўғинлари: сармоя киритиш, ишлаб чиқариш, маҳсулотни жўнатиш ва унинг ҳақини ҳуқуқий ҳимояланган шартнома асосида олиш. Ўзбекистоннинг ўрни шу занжирни яхлит таклиф қилганида кўринади.

Иккинчи асос – жуғрофий. Ўзбекистон жаҳон океани портларига чиқиш учун камида икки давлат ҳудудидан ўтиши зарур бўлган мамлакат, шу маънода Ўрта коридор, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ва Трансафғон йўналиши биз учун оддий транспорт муаммосинигина ҳал этиш эмас, балки экспорт барқарорлигини таъминлаш билан боғлиқ жиддий масаладир.

Учинчи асос – институционал. Мирвоҳид Азимовнинг Туркий давлатлар ташкилотининг янги Бош котиби этиб тайинлангани эълон қилинди. Бу Ўзбекистон вакилининг мазкур лавозимга биринчи марта тайинланиши билан аҳамиятли. Лекин Бош котиб алоҳида давлатнинг эмас, барча аъзоларнинг умумий манфаати учун ишлайди, шунинг учун воқеанинг аҳамиятини дастурлар ижросини таъминлашдаги институционал масъулият билан боғлаб баҳолаш тўғрироқ. 2027 йилги 14-саммит Ўзбекистонда ўтиши белгиланган, Қирғизистоннинг 2027 йили норасмий саммитга мезбонлик қилиш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2027 йилдан Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши 2027–2029 йилларда ўзбек ташаббусларини кенгроқ майдонда эшиттириш имконини беради, гарчи икки ташкилотнинг кун тартиби бир хил бўлмаса ҳам.

Иқтисодий имкониятни натижага айлантириш шартлари

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, 2025 йили Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар, шунингдек, кузатувчи Туркманистон ва Венгрия билан савдо айланмаси 10,8 млрд долларни ташкил этган. Бу мамлакатимиз умумий ташқи савдо айланмасининг тахминан 13 фоизига тенг. Ушбу давлатларга экспорт ҳажми 3,8 млрд доллар бўлгани ҳолда, ҳисоб-китоблар уни яна 2,7 млрд долларга ошириш имконияти мавжудлигини кўрсатмоқда. Бу амалдаги экспорт ҳажмига нисбатан қарийб 71 фоизлик қўшимча салоҳият деганидир. Албатта, бу кафолатланган ўсиш эмас. Мавжуд имкониятни ишга солиш маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги, транспорт харажатларини қисқартириш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш ва ишончли ҳамкорлик механизмларини шакллантиришга боғлиқ.

Тўсиқларнинг кўпи расмий келишувларда кўринмайди: сертификатлаш ва техник регламентлар фарқи, ҳар чегарада қайта текшириладиган юк, бир мамлакатда электрон, бошқасида қоғозда талаб қилинадиган ҳужжат. Шундай шароитда қўшма заводнинг рақобат устунлиги йўқолади ва инвестициядан кутилган фойда чекланади.

Давлатимиз раҳбари таклиф қилган “Туркий дунё – 100” дастури юзта қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини шакллантиришга қаратилган. Ўзбекистон учун нодир минералларни чуқур қайта ишлаш, “яшил” энергетика ускуналари ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар муҳим. Лекин бу таклиф, тасдиқланган портфель эмас: ҳар бир лойиҳада технология қаердан келиши, маҳсулотни ким сотиб олиши, кадрлар қандай тайёрланиши ва маҳаллий етказиб берувчилар қанчалик иштирок этиши ҳали ҳал бўлмаган.

Туркий инвестиция жамғармаси ушбу ҳамкорликнинг муҳим молиявий институтларидан биридир. Истанбулда жойлашган жамғарма дастлаб 500 млн доллар устав капитали билан ташкил этилган бўлса, 2025 йил февралда унинг капитали 600 млн долларга оширилди. Жамғарма савдо, саноат, транспорт, энергетика, рақамли инфратузилма ҳамда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилган. Бироқ унинг устав капиталини “Туркий дунё – 100” дастури учун ажратилган тайёр маблағ сифатида баҳолаш тўғри эмас. Ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги, молиявий барқарорлиги ва эҳтимолий хатарлари алоҳида кўриб чиқилади. Шу жиҳатдан 2025 йил февралда жамғарма ва Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқи ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми ҳам аҳамиятли. У инвестиция лойиҳалари учун ишончли бизнес ҳамкорларини топиш ва молиялаштириш имкониятларини ўзаро боғлашга хизмат қилиши мумкин.

Ҳуқуқий ҳамкорлик масаласида Президентимиз илгари сурган муҳим ташаббуслардан бири тижорат ишлари бўйича кўп томонлама ҳуқуқий ёрдам шартномасини ишлаб чиқиш ва электрон ҳужжат алмашиш платформасини яратиш таклифидир. Анқара декларациясида эса фуқаролик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдамга оид кўп томонлама шартнома устидаги ишларни давом эттириш назарда тутилган. Бу йўналишда ҳамкорликнинг муайян ҳуқуқий асослари аллақачон мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида 1997 йилдан буён амал қилаётган икки томонлама шартнома фуқаролик ва савдо ишлари бўйича суд қарорларини ўзаро тан олиш ҳамда ижро этишни тартибга солади. Янги кўп томонлама механизмнинг аҳамияти мавжуд келишувларни умумий қоидалар асосида уйғунлаштириш, ҳуқуқий ёрдам жараёнларини соддалаштириш ва тадбиркорлар учун қулайликларни кенгайтириш имкониятида кўринади. Айниқса, ҳужжатларни электрон алмашиш, сўровларни кўриб чиқиш муддатлари ва суд қарорларини ижро этиш тартибларининг аниқлиги трансчегаравий тижорат муносабатларида ҳуқуқий ишончни мустаҳкамлаши мумкин.

Электрон имзоларни ўзаро тан олиш масаласида Европа Иттифоқининг eIDAS регламенти эътиборга молик тажриба ҳисобланади. У электрон имзоларнинг трансчегаравий ҳуқуқий кучини таъминлаш учун умумий қоидалар билан бирга техник стандартлар ва ишончли рақамли инфратузилма ҳам зарурлигини кўрсатади. Туркий давлатлар ўртасида ҳам шундай механизмни шакллантириш учун битим қабул қилишнинг ўзи етарли бўлмайди. Миллий электрон имзо тизимларининг ўзаро мувофиқлиги, ахборот хавфсизлиги ва ҳужжатларнинг ҳуқуқий мақомини таъминлаш тартиблари ҳам келишилиши лозим.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ҳам амалий аҳамиятга эга. 29 октябрда Анқарада ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунида Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш, имтиёзли савдо доирасидаги товарлар рўйхатини кенгайтириш ва божхона орқали ўтадиган товарлар ҳамда транспорт воситалари ҳақида олдиндан электрон ахборот алмашишга оид ҳужжатлар имзоланди. Ушбу келишувлар ТДТнинг кўп томонлама қарорлари эмас, бироқ уларнинг амалда қўлланиши савдо тартибларини соддалаштириш ва рақамли ахборот алмашувини такомиллаштиришда муҳим тажриба бўлиши мумкин. Самарали натижа берган икки томонлама механизмларни кейинчалик туркий давлатлар доирасида кенгроқ муҳокама қилиш учун ҳам асос пайдо бўлади.

Транспорт ва технологиядаги боғлиқлик

Транспорт ҳамкорлигида Ўрта кори­дор, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли, Зангазур ва Трансафғон йўналишлари алоҳида ўрин тутади. Декларация йўлаклар бўйича умумий стратегия тайёрлашга ва бутун маршрут бўйича юк ташишда узлуксизликни таъминлашга чақиради. Аммо янги темир йўл қурилиши билан юкнинг бозорга ўз вақтида етиб бориши бир нарса эмас: юк чегарада ҳужжат кутса ёки портда контейнер алмаштириш чўзилса, магистралдан кутилган тежам йўқолади. Юкни расмийлаштириш муддатини қисқартириш, электрон рухсатномалар ва e-CMR каби ҳужжатларни ривожлантириш масаласи шунинг учун қўйилган. e-CMR ва электрон рухсатномалар барча мамлакатларда бир хил даражада қўлланилмайди, йўлак самараси шу фарқлар қанчалик қисқаришига боғлиқ.

Президентимиз таклиф қилган “Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи”ни омбор қуриш билан чеклаб бўлмайди: юк ҳаракати ҳақидаги маълумот, терминал қуввати, контейнер алмашинуви ва ташувчилар масъулияти ягона тизимда боғланиши керак. Фарғона водийсида шарқий темир йўлга хизмат қиладиган қайта ишлаш, омбор ва сервис корхоналарига, ғарбий йўналишларда эса кичик юкларни бирлаштириб жўнатиш ва терминал хизматларига эҳтиёж ортиши мумкин. Лекин ҳар бир объект олдидан ҳақиқий юк оқими ва буюртма ҳажми текширилиши шарт.

Рақамли ҳамкорлик транспортдан алоҳида эмас. Транскаспий оптик толали кабел тармоғи (“Рақамли Ипак йўли”), “Рақамли туркий дунё” концепцияси, сунъий интеллектни бошқариш бўйича маслаҳатлашувлар ва электрон имзоларни тан олишга доир ишлар бир йўналишда ҳаракат қилмоқда. Электрон шартнома ва юк ҳақидаги маълумот бошқа мамлакатда ҳуқуқий ва техник жиҳатдан қабул қилинмаса, рақамлаштиришдан кутилган енгиллик чекланади. Ўзбекистон учун яна бир қирраси бор: ўзбек тилидаги сифатли рақамли маълумотлар, маҳаллий дастурий ечимлар ва киберхавфсизлик мутахассислари шундай ҳамкорликка жалб қилинса, янги бозорлар очилади. Электр ва маълумот инфратузилмаси – Марказий Осиё – Озарбойжон “яшил” энергия йўлаги ва кабел лойиҳалари ҳамкорлик товар ташишдан кенгроқ боғлиқликка таяна бошлаганини кўрсатади, лекин улар бир вақтда ишга тушгани йўқ.

Маданият ва инсон капитали соҳасида ҳам муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Андижоннинг 2026 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эътироф этилиши, Туркий академиянинг умумтуркий алифбо бўйича тавсиялари ва Президентимиз таклиф этган “Умумтуркий сўзлар луғати” маданий яқинликни таълим, таржима технологиялари ва рақамли тил ресурслари билан боғлаш учун янги имкониятлар очади.

Туризм соҳасида ID-карталар асосида ўзаро сафар қилишга оид кўп томонлама битим ва “Туркий туризм альянси”ни ташкил этиш таклифлари алоҳида аҳамиятга эга. Тошкентнинг 2027 йилда Туркий дунёнинг туризм пойтахти деб эътироф этилиши эса қўшма туристик маршрутларни ривожлантириш, авиақатновларни кенгайтириш ва сайёҳлик хизматлари сифатини ошириш учун қўшимча имконият яратади.

Президентимиз “Янги Ўзбекистон стипендияси” доирасида туркий давлатлар ёшлари учун ҳар йили 200та таълим гранти ажратишга тайёрлигини билдирди. Бу ташаббусни туризм, муҳандислик, логистика ва рақамли иқтисодиёт соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлаш билан боғлаш келгусида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши мумкин.

Шаҳарсозлик соҳасида эса 2027 йили Ўзбекистонда ТДТга аъзо давлатларнинг уй-жой ва барқарор урбанизация масалаларига масъул вазирлари учрашувини ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди. Янги Тошкентни 2030 йилги Бутунжаҳон шаҳар форумига мезбон сифатида илгари суриш ташаббуси ҳам ижобий қабул қилинди. Бу борада тегишли халқаро танлов ва ташкилий жараёнлар ҳали олдинда.

O‘zLiDeP учун янги вазифалар

Анқара декларацияси қоидаларининг партия учун аҳамияти шундаки, унинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар бозорга кириш, экспорт ҳужжати, транспорт тарифи ва шартнома кафолати билан ҳар куни ишлайди. Халқаро ҳужжат миллий даражага тушмагунча тадбиркорга ҳеч нарса бермайди, миллий даражада эса уни қонун, бюджет қарори ва идоравий тартиб ҳал қилади. Партиянинг ўрни айнан шу ўтиш босқичида: қайси масалада парламент, маҳаллий кенгашлар ва тадбиркорлар тажрибаси туташишини аниқлаш ва уни қарор қабул қилувчига етказиш.

Биринчиси – экспортчилар дуч келаётган тўсиқларни тизимли ўрганиш. Туркий давлатлар бозорида ишлаётган тадбиркорлардан қайси маҳсулотга қандай сертификат талаб қилинаётгани, қайси чегарада қанча вақт йўқотилаётгани, электрон ҳужжатлар нима сабабдан қайта қоғоз шаклида сўралаётгани ҳақида аниқ маълумотларни тўплаш зарур. Ҳар бир ҳолат мамлакат, товар, муддат ва харажат билан ёзилса, у шикоятдан асосли таклифга айланади. Партия бу маълумотни Савдо-саноат палатаси ва соҳавий уюшмалар билан солиштириб, фракциянинг депутатлик сўрови орқали масъул идораларга киритиши, жавоб муддати ва натижани очиқ кузатиши мумкин. Бунда у ваколатли идоранинг ўрнини эгалламайди: давлатлараро шартнома тузиш ваколати тегишли давлат органларида қолади, партия эса таклифнинг асосли бўлишини таъминлайди.

Иккинчиси – қонунчилик таҳлили ва парламент назорати. Фуқаролик ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдамга оид халқаро шартнома ратификацияга киритилганда O‘zLiDeP фракцияси унинг тадбиркорлар учун қандай қўшимча кафолатлар яратишини, амалдаги икки томонлама ва кўп томонлама шартномалардан қайси жиҳатлари билан фарқ қилишини атрофлича ўрганиши зарур. Электрон имзоларни ўзаро тан олишга оид битимнинг ратификация қилиниши эса унинг мазмуни ва ҳуқуқий мақомига боғлиқ. Бу масалаларнинг чуқур таҳлил қилиниши парламент муҳокамала­рида аниқ ва асосли таклифларни илгари суриш имконини беради.

Учинчиси – ҳудудий кесим. Транспорт йўлаги ёки саноат занжирининг фойдаси республика бўйича бир хил тақсимланмайди. Фарғона водийси шарқий темир йўл билан боғлиқ логистика ва қайта ишлашда, Навоий ва бошқа саноат марказлари юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқаришда, хизмат салоҳияти кучли шаҳарлар туризм ва савдода ўз имкониятини кўради. Маҳаллий кенгаш депутатлари аниқ юк ва буюртма ҳажмларига таяниб ҳудудий баҳо берса, партия тайёр инвестиция портфелини эмас, мутахассислар ва бизнес вакиллари учун дастлабки таҳлилий асос тақдим этади.

Тўртинчи йўналиш – хорижий партиялар тажрибасини ўрганиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш. Бу борада Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) тажрибаси эътиборга молик. Партия таркибида 2025 йили Туркий давлатлар билан алоқалар бўйича алоҳида бошқарма ташкил этилиб, унга Бош раис ўринбосари Куршад Зорлу раҳбар этиб тайинланган. Бу туркий давлатлар сиёсий партиялари билан ҳамкорликни тизимли равишда олиб боришга қаратилган ташкилий ёндашувдир.

O‘zLiDePнинг бу борада муайян тажрибаси ва ҳамкорлик алоқалари мавжуд. Жумладан, Туркиянинг AK Parti партияси билан 2025 йил 9 сентябрда имзоланган меморандум ва 2026 йил 7 июлдаги учрашув, шунингдек, Озарбойжоннинг “Янги Озарбойжон” партияси билан тузилган ҳамкорлик меморандуми партиялараро муносабатларни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Энди ушбу алоқаларни аниқ амалий ишлар билан бойитиш зарур. Хусусан, тадбиркорларнинг ташқи бозорларга чиқишидаги тўсиқларни биргаликда ўрганиш, қўшма саноат лойиҳалари ва рақамли савдо бўйича экспертлар мулоқотини ташкил этиш, партиялар ҳузуридаги таҳлилий марказлар ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Шу билан бирга, Қозоғистон ва Қирғизистондаги сиёсий партиялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, туркий давлатлар партиялари ўртасида иқтисодий ислоҳотлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашишнинг мунтазам механизмларини шакллантириш O‘zLiDeP халқаро фаолиятининг навбатдаги вазифаси бўлиши лозим.

Бешинчиси – ижрони кузатиш. “Ақл маркази”нинг энг амалий иши – ТДТ қарорларининг ҳақиқий мақомини мунтазам белгилаш: 2027–2031 йиллар стратегияси якунландими, электрон имзо бўйича битим имзоландими, жамғарма қайси соҳаларда лойиҳа молиялаштирмоқда, “Туркий дунё – 100” бўйича дастлабки сараланган лойиҳалар борми? Бу саволларга манбали жавоб тадбиркор ҳам, депутат ҳам таяна оладиган маълумот бўлади, унинг асосий фазилати эса ташаббусни қабул қилинган қарор деб кўрсатмаслигидир.

Анқара саммити туркий ҳамкорлик қайси нуқтада турганини кўрсатди: сиёсий ҳамкорликнинг ташкилий асослари мустаҳкамланмоқда, иқтисодий шерикликнинг умумий қоидалари эса босқичма-босқич шаклланмоқда. Ўзбекистон таклифлари бу жараённинг саноат, транспорт, ҳуқуқ ва инсон капиталига оид йўналишларини қамраб олган. Ушбу ташаббусларнинг амалий натижаси кўп жиҳатдан янги тартибларни дастлаб икки томонлама ҳамкорликда синаб кўриш ва уларни тадбиркорлар ҳамда ҳудудларнинг аниқ эҳтиёжлари билан боғлашга боғлиқ. O‘zLiDePнинг ҳиссаси шу ерда ўлчанади: халқаро ҳужжатдан миллий даражада амалиётга киритиш мумкин бўлган таклиф чиқара олишида.

 

Сардор МАРИПОВ,

O‘zLiDeP Стратегик ва дастурий

ҳужжатлар билан ишлаш департаменти раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?