Asosiy kontentga o‘tish
Душанба 14-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Бишкек саммити ШҲТ кўлами ва Ўзбекистоннинг стратегик ролини яққол намоён этди

10.09.2026
49

Жорий йил 31 август – 1 сентябрь кунлари бишкек шаҳрида бўлиб ўтган шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, хусусан, қабул қилинган бишкек декларацияси, шҳт хартиясига киритилган ўзгартишлар, хавфсизлик соҳасидаги янги доимий тузилмалар ва давлат раҳбарлари илгари сурган ташаббуслар ташкилот ўз тараққиётининг янги босқичига кираётганини кўрсатди.

ШҲТнинг дастлабки вазифалари, авва­ло, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши биргаликда курашиш, чегаралар атро­фида ишонч ва барқарорликни таъминлаш­дан иборат эди. Бу зарурат йўқолгани йўқ, аксинча, янги хатарлар хавфсизлик бўйича ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб қил­моқда. Иқтисодий тараққиёт, транспорт, са­ноат кооперацияси, молиявий механизмлар, энергетика, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, сунъий интеллект ҳамда инсон капитали би­лан бир бутун тизимда кўрилмоқда.

Бу оддий кун тартиби кенгайиши эмас, ШҲТ хавф-хатарларга жавоб қайтарадиган минтақавий механизмдан узоқ муддатли та­раққиёт йўналишлари бўйича ҳамкорлик қи­лишга интилаётган кенг қамровли Евроосиё платформасига айланмоқда. Унда дунёнинг сиёсий тизими, иқтисодий манфаатлари ва ташқи сиёсий ёндашувлари турлича бўлган ўнта давлат тенг ҳуқуқли мулоқот олиб бора­ди. Бундай таркибда умумий қарорга келиш­нинг ўзи ҳам ташкилотнинг геосиёсий аҳами­ятини кўрсатади.

Декларациянинг сиёсий моҳияти

Бишкек декларациясининг сиёсий моҳи­ятини унда тилга олинган мавзулар сони би­лан эмас, улар ўртасидаги боғлиқлик билан баҳолаш тўғри бўлади. Ҳужжат бир томондан кўп қутбли дунё тартиби, БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи роли, давлатлар суве­ренитети, ҳудудий яхлитлиги ва ички ишлар­га аралашмаслик тамойилларини яна бир бор мустаҳкамлайди. Иккинчи томондан, ана шу сиёсий принципларни савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, рақамли технология ва иқлим масалалари бўйича амалий ҳамкор­лик билан тўлдиради.

Декларацияда ШҲТ ҳарбий-сиёсий блок эмаслиги ва бошқа давлатлар ҳамда халқа­ро ташкилотларга қарши қаратилмагани очиқ белгиланган. Бу муҳим баёнот. Ташкилотнинг кенгайиши ёки унинг халқаро таъсири ортиб боришини “кимгадир қарши тузилма” сифа­тида талқин қилиш ҳужжат моҳиятига ҳам, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий позициясига ҳам тўғри келмайди. ШҲТ таклиф этаётган моделнинг асоси турли манфаатлар мавжуд шароитда консенсус ва амалий ҳамкорликни сақлаб қолишдир.

Кўп қутблилик масаласида ҳам шу ёнда­шув сақланади. Айни пайтда БМТ устави ва халқаро ҳуқуқнинг универсал тамойиллари асосий таянч сифатида қолади. Президенти­миз Шавкат Мирзиёевнинг “ШҲТ плюс” маж­лисида билдирган фикри бу позицияга аниқ мазмун берди: Ўзбекистон янги чегаралар яратадиган эмас, имкониятлар маконини кен­гайтирадиган кўп қутблилик тарафдори. Бу фикр Ўзбекистон учун геосиёсий рақобатдан кўра иқтисодий боғлиқлик, очиқ мулоқот ва ўзаро манфаат устувор эканини англатади.

Декларацияда хавфсизликнинг анъа­навий йўналишлари ҳам сақлаб қолинди. Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга, шунингдек, чегараларни кесиб ўтувчи террор­чиларга, наркотиклар савдоси, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва кибержиноятларга қарши кураш ШҲТнинг асосий вазифалари бўлиб қолаверади. Бироқ Бишкек саммити­да бу йўналишдаги ҳамкорлик механизмлари янгиланди. Хавфсизликка таҳдид ва хатар­ларга қарши курашиш бўйича ШҲТ Универ­сал маркази ҳамда ШҲТ Антинаркотик мар­кази ижроия қўмитаси тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Универсал марказ таркибига Ахборот хавфсизлиги ва Трансмиллий уюш­ган жиноятчиликка қарши курашиш марказ­ларининг киритилиши ташкилотда хавфсиз­лик тушунчаси эндиликда фақат ҳарбий ёки террористик таҳдидлар билан чекланмай, рақамли ва жиноий хатарларни ҳам қамраб олаётганини кўрсатади.

Афғонистон масаласида деклара­ция принцип ва прагматизмни бирлаштир­ган. Ҳужжатда Афғонистоннинг терроризм, уруш ва гиёҳвандлик моддаларидан холи мустақил, нейтрал, тинч давлат бўлиши қўл­лаб-қувватланади, мамлакатда барқарор тинчликка эришиш учун кенг ижтимоий-сиё­сий вакиллик зарурлиги қайд этилади. Пре­зидентимиз Шавкат Мирзиёев эса хавфсиз­лик ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келганини таъкидлади. Бу таклиф Афғонистонни минтақавий жараёнлардан четда ушлаб туриш хавфни камайтирмасли­ги, мунтазам мулоқот ва иқтисодий боғлиқ­лик унинг барқарорлигидан манфаатдорлик­ни кучайтиришини англатмоқда.

Декларация Яқин Шарқ ва Эрон атро­фидаги вазият бўйича ҳам давлатлар суве­ренитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, можароларни сиёсий-дипломатик воситалар билан ҳал этиш ҳамда кескинлик­ни юмшатиш позициясини илгари суради. Бу Ўзбекистоннинг низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва мулоқотни тиклашга асослан­ган ташқи сиёсий ёндашувига мос келади. Ҳужжатнинг энг катта қисми иқтисодий ва технологик ҳамкорликка ажратилгани ШҲТ трансформациясининг энг ишончли далили­дир. Очиқ ва камситишлардан холи савдо ти­зими, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш зан­жирлари барқарорлиги, электрон тижорат, “ақлли божхона”, янги автомобил ва темир йўл маршрутлари, мультимодал коридорлар, энергетика, саноат, стандартлаштириш, қишлоқ хўжалиги, стартаплар экотизими ва ин­новациялар ягона иқтисодий кун тартибига жамланган.

Молиявий ҳамкорлик масалалари ҳам алоҳида ўрин олди. Ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси”ни амалга ошириш ва ШҲТ Тараққиёт банкини тузиш устидаги ишларни давом эттириш қайд этил­ди. Муҳим жиҳати, банк Бишкекда ишга ту­ширилгани йўқ: декларация бу борадаги сил­жишни қайд этди, Президентимиз эса умумий тамойилларни келишишдан уни амалда ишга тушириш босқичига ўтишни таклиф қилди. Сув, энергетика, озиқ-овқат ва иқлим хавф­сизлигининг бир-бирига боғлиқ масалалар сифатида қўйилиши ҳам янги ёндашувдир.

Ўзбекистон – кун тартибини шакллантираётган давлат

Бишкек саммити Ўзбекистоннинг ШҲТ­даги роли тўғрисида муҳим хулоса чиқариш имконини беради: мамлакатимиз энди фақат муҳокамаларда иштирок этаётган давлат эмас, ташкилотнинг узоқ муддатли режала­рини шакллантираётган аъзолардан бирига айланмоқда.

Бу фикрга биринчи асос – Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ташаббуслар­нинг кўлами. Улар иқтисодиёт, молия, саноат, транспорт, сунъий интеллект, маълумот, сув ва энергетика самарадорлиги, Афғонистон, хавфсизлик институтлари ҳамда маданий-гу­манитар ҳамкорликни қамраб олди. Эътибор­лиси, бу таклифлар алоҳида, бир-биридан узилган эмас, уларнинг барчаси ШҲТни ама­лий натижа берадиган тараққиёт маконига ай­лантиришдек ягона мақсадга хизмат қилади.

Иккинчи асос – Марказий Осиёга берил­ган баҳо. Президентимиз Марказий Осиёни ШҲТнинг географик ва стратегик ўзаги деб таърифлади. Бу фақат географик маънодаги эътироф эмас, сиёсий ёндашувдир. ШҲТнинг барқарорлиги, транспорт лойиҳаларининг самараси, Афғонистонга доир сиёсат, сув ва энергетика масалалари, шарқ ва ғарб, шимол ва жануб ўртасидаги боғлиқлик кўп жиҳатдан Марказий Осиёдаги ҳамкорлик даражасига боғлиқ.

Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги мин­тақавий сиёсати қўшнилар билан очиқ му­лоқот, чегара ва транспорт масалаларини ҳал қилиш, савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ШҲТ доирасидаги таклифларни асослантирмоқда. Яъни, мамлакатимиз бар­ча аъзолар учун манфаатли бўлган лойиҳа­лар орқали ишончни мустаҳкамлашни таклиф қилмоқда. Бу Ўзбекистон дипломатиясининг кучли томони: сиёсий келишувни иқтисодий манфаатлар билан мустаҳкамлашдир.

Учинчи асос – ШҲТ тузилмаларидаги ўрин. 2004 йилдан буён Тошкентда ШҲТ Мин­тақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қў­митаси фаолият юритиб келмоқда. Бишкекда қабул қилинган қарорга мувофиқ, Хавфсиз­ликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ ҳам Тошкентда жой­лашади. Шу тариқа Ўзбекистон ШҲТ хавфсиз­лик архитектурасида фақат сиёсий ташаббус билдирувчи эмас, доимий институтларга мез­бонлик қилувчи марказий давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.

Истиқболли ташаббуслар

Президентимиз таклиф этган “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал ғояси бошқа ташаббусларни бирлаштирув­чи бош ғоядир. Унинг мақсади инвестиция, технология ва билим эркин алмашинадиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқа­лар кенгаядиган маконни шакллантиришдан иборат. Бу ташкилотни фақат давлатлараро музокаралар клуби эмас, балки иқтисодий субъектлар ва ҳудудларни боғлайдиган ти­зим сифатида эътироф этишдир.

ШҲТ Саноат кооперацияси харитаси мазкур ғоянинг амалий давоми бўлиб, махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараён­лари, сотув бозорлари ва логистикани бир­лаштиришга қаратилган. Натижада бизнес, инвесторлар ва давлат тузилмалари учун универсал рақамли дарча пайдо бўлади. ШҲТ Тараққиёт банки эса транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфрату­зилма соҳаларидаги тайёр лойиҳаларни мо­лиялаштиришга хизмат қилиши лозим.

Темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш тузиш таклифи ҳам лойиҳа­ларни бир-бирига боғлаш заруратидан ке­либ чиқади. Янги йўл қуришнинг ўзи етарли эмас: чегара тартиблари, тарифлар, техник стандартлар, юк ҳужжатлари, логистика мар­казлари ва рақамли кузатув тизимлари муво­фиқлашмаса, инфратузилманинг иқтисодий самараси чекланиб қолади. Кенгашнинг ва­зифаси миллий транспорт тизимларини “чок­сиз” боғлаш бўлиши ана шу тўсиқларни ти­зимли ҳал этишни англатади.

Сунъий интеллект бўйича ташаббуслар эса кун тартибини келажак иқтисодиёти­га олиб чиқади. Бу масала Ўзбекистон учун айниқса аҳамиятли: ўзбек тилидаги рақамли маълумотлар ҳажми ва сифати ошиб бориши маҳаллий технологик компаниялар, таълим, давлат хизматлари ва бизнес ечимларининг рақобатбардошлигига бевосита таъсир қила­ди. Келгуси йили Тошкентда ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказиш таклифи давлатимизни минтақавий технологик мулоқот марказла­ридан бирига айлантириш имконини беради. Озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлиги бўйича ихтисослашган механизм ҳамда 2035 йилгача сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклифи эса Марказий Осиёнинг энг мураккаб масалаларини умумий манфаат асосида ҳал қилишга қаратилган.

“ШҲТ плюс” форматида илгари сурил­ган Минтақавий ташкилотларнинг ҳамкорлик тармоғини яратиш, лойиҳалар ва технологиялар очиқ банкини шакллантириш, “ШҲТ ин­вест” форумига доимий фаолият юритувчи платформа тусини бериш, шунингдек, “ШҲТ плюс” маданиятлар ва цивилизациялар дои­мий форумини таъсис этиб, уни кўҳна Хива шаҳрида ўтказиш ташаббуслари ташкилот­нинг ташқи ҳамкорлик доирасини кенгайти­ради. Бунда БМТнинг марказий роли сақла­нади, минтақавий ташкилотлар эса умумий қарорларни жойларда амалга ошириш ҳамда бир минтақада синовдан ўтган самарали ечимларни бошқа минтақаларга етказишнинг амалий воситаси бўлиб хизмат қилади.

Манфаатли жиҳатлар

Бишкекда илгари сурилган ташаббусларнинг Ўзбекистон учун аҳамиятини фақат дипломатик нуфуз билан ўлчаб бўлмайди. Улар­нинг қиймати миллий иқтисодиёт, ҳудудлар ва тадбиркорлар учун қандай натижа бериши билан белгиланади.

Биринчи йўналиш – бозор ва саноат коо­перацияси. Президентимиз нутқида Ўзбекистонда ШҲТ мамлакатлари билан бир ярим мингдан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оши­рилаётганини қайд этди. Бу алоқаларни ик­ки томонлама келишувлар йиғиндисидан кўп томонлама ишлаб чиқариш занжирларига ўтказиш экспортни диверсификация қилиш, маҳаллий корхоналарни йирик бозорларга олиб чиқиш ва инвестицияларни тайёр маҳ­сулот ишлаб чиқаришга йўналтириш имкони­ни кенгайтиради.

Иккинчи йўналиш – транспорт ва логисти­ка. Ўзбекистон дунёдаги икки карра қуруқлик билан ўралган икки давлатдан бири. Шунинг учун ташқи бозорга чиқиш харажати ва йўл­ларни диверсификация қилиш мамлакат учун оддий транспорт масаласи эмас, иқтисодий мустақиллик масаласидир. Амалга ошири­лаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли” мамлакатимизни Шарқий Осиё йўналиши билан тўғридан-тўғри боғлайди­ган стратегик лойиҳадир. Уни бошқа Шарқ- Ғарб ва Шимол-Жануб йўлаклари билан уйғунлаштириш Ўзбекистоннинг транзит са­лоҳиятини оширади, экспорт муддати ва ха­ражатларини қисқартиришга хизмат қилади. ШҲТ доирасида темир йўл тизимларини му­вофиқлаштириш эса янги магистралларнинг иқтисодий самарасини кўпайтириши мумкин.

Учинчи йўналиш – технологиялар. Сунъ­ий интеллект бўйича маълумотлар корпуси, Тошкент форуми, стартаплар экотизими ва рақамли инфратузилмага инвестициялар Ўз­бекистонда юқори технологияли хизматлар ва саноатни ривожлантириш учун янги ҳам­корлик каналларини очади. Шу нуқтаи назар­дан, ШҲТ майдони ёшлар учун янги касблар ва илмий алмашинув имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Тўртинчи йўналиш – хавфсизлик. Тош­кентда янги универсал марказнинг жойла­шиши Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасидаги ўр­ни ва нуфузини ошириш билан бирга, катта масъулият ҳам юклайди. Марказ кибертаҳ­дидлар, трансмиллий жиноятчилик ва бошқа янги хатарлар бўйича тезкор ахборот алма­шиш, таҳлил ва мувофиқлаштириш ишларини кучайтириши кутилмоқда. Минтақавий аксил­террор тузилмаси билан бир шаҳарда фаоли­ят юритиши эса Тошкентни ШҲТ хавфсизлик механизмларининг муҳим таянч нуқтасига айлантиради.

Бешинчи йўналиш – сиёсий нуфуз. Ўз­бекистон илгари сураётган таклифлар фақат миллий манфаатларни ифода этибгина қол­масдан, бошқа аъзо давлатлар учун ҳам мақбул бўлган ечимлари билан аҳамиятли­дир. Ташаббус кўрсатиш ва турли манфаат­ларни уйғунлаштира оладиган ечимларни илгари суриш давлатнинг халқаро нуфузи ва таъсирини оширадиган муҳим омиллар­дандир. Тошкентнинг хавфсизлик, сунъий интеллект, инвестиция ва маданиятлараро мулоқот бўйича халқаро майдонларга мез­бонлик қилишга тайёрлиги эса пойтахтимиз­нинг минтақавий ва халқаро мулоқот марка­зи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.

O‘zLiDePнинг янги вазифалари

ШҲТ фаолиятида иқтисодиёт, тадбир­корлик, инвестиция ва технологиянинг улуши ошиши O‘zLiDePдан янги ёндашувларни талаб қилади. Чунки ташкилот доирасида қабул қи­линаётган қарорларнинг катта қисми партия­нинг асосий электорати – тадбиркор ва фер­мерларнинг манфаатига бевосита дахлдор.

Партия учун муҳим вазифалардан бири Президентнинг ШҲТ доирасидаги иқтисодий ташаббусларини мамлакат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда партиянинг аниқ дасту­рий вазифа ва таклифларига айлантириш­дир. Бу декларациядаги умумий ғояларни такрорлашни эмас, уларнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлик муҳити, саноат сиёсати, экс­порт, рақамли иқтисодиёт, бандлик ва ҳу­дудий ривожланишга таъсирини баҳолашни англатади. Етакчи куч ўз дастурий ҳужжат­ларида ШҲТ саноат кооперацияси харитаси, Тараққиёт банки, электрон тижорат, “ақлли божхона” ва транспорт интеграцияси бўйича миллий манфаатларни ифодалайдиган таклифлар пакетини шакллантириши лозим.

Иккинчи вазифа – тадбиркорлар учун ШҲТ имкониятларини тушунарли ва фойда­ланиш мумкин бўлган ахборотга айлантириш. “ШҲТ бозори катта” деган умумий фикрнинг ўзи бизнес учун етарли эмас. Ишбилармонга муайян мамлакатда қайси маҳсулотга талаб борлиги, қандай сертификат ва стандарт­лар амал қилиши, логистика маршрути ва ха­ражати, божхона тартиби, молиялаштириш манбаи, ишончли ҳамкор ва ҳуқуқий хатар­лар ҳақида амалий маълумот керак. Партия тузилмалари, депутатлик бирлашмалари ва экспертлар иштирокида “ШҲТ бизнес нави­гатори” каби доимий маслаҳат ва ахборот механизмини шакллантириш имкониятини ўрганиш мумкин.

Учинчи йўналиш ҳудудлар билан боғлиқ. Янги транспорт коридори ёки саноат занжи­рининг фойдаси республика бўйича бир хил тақсимланмайди. Масалан, “Хитой – Қирғи­зистон – Ўзбекистон” темир йўли Андижон ва Фарғона водийси учун янги логистика, ом­бор, қайта ишлаш, сервис ва экспорт лойиҳаларини юзага чиқариши мумкин. Бошқа йўлаклар Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий, Сурхондарё ёки Тошкент вилояти учун алоҳи­да имкониятлар очади. Партия транспорт йўлаклари ҳамда янги бозорларнинг ҳар бир ҳудуд кесимидаги таъсирини ўрганиб, имко­ниятлар хариталарини тайёрласа, халқаро ташаббус маҳаллий ривожланиш дастури би­лан боғланади.

Тўртинчи вазифа – сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт бўйича партиянинг экс­перт платформасини кучайтириш. Бу соҳада фақат технологияни қўллаб-қувватлаш по­зицияси етарли эмас. Сунъий интеллектнинг меҳнат бозори, янги касблар, кичик бизнес унумдорлиги, маълумотлар хавфсизлиги, му­аллифлик ҳуқуқи, рақобат ва ёшлар сиёсати­га таъсири бўйича оқилона таклифлар керак.

Бешинчи йўналиш – ШҲТга аъзо дав­латларнинг етакчи сиёсий партиялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва унинг мазму­нини янгилаш. Партия учун ташкилотга аъзо мамлакатлардаги етакчи сиёсий кучлар би­лан тўғридан-тўғри ва тизимли алоқаларни йўлга қўйиш, мавжуд ҳамкорликни эса янги босқичга олиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Бундай муносабатлар фақат протокол учра­шувлари ва умумий баёнотлар билан чекла­ниб қолмасдан, иқтисодий ҳамкорлик, экс­перт мулоқоти ва қўшма лойиҳаларни илгари суришга хизмат қилиши даркор. Шу мақсад­да партиялар ҳузуридаги таҳлил марказлари, тадбиркорлар тузилмалари, ёшлар ва бошқа жамоат платформалари ўртасида доимий ишчи алоқаларни шакллантириш мақсадга мувофиқ.

Олтинчи вазифа – тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини ШҲТ доирасида­ги миллий позицияга етказиш механизмини кучайтириш. Экспортчи корхона чегарада, сертификатлашда, тўловда ёки транспорт тарифида дуч келаётган тўсиқ кўпинча юқо­ри даражадаги ҳужжатларда акс этмай­ди. O‘zLiDeP ўз электорати билан бевоси­та ишлайдиган сиёсий куч сифатида ана шу муаммоларни тизимлаштириб, парламент, ҳукумат ва масъул идораларга асосланган таклиф сифатида киритиши мумкин.

Партиянинг “Ақл маркази”ни ШҲТ кун тартибидаги иқтисодий, технологик, транс­порт ва хавфсизлик масалаларини мунта­зам таҳлил қилишга жалб этиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бунда қарорларнинг ижроси, Та­раққиёт банки бўйича музокаралар, Саноат кооперацияси харитасининг шаклланиши, сунъий интеллект форумига тайёргарлик ва янги марказлар фаолиятини кузатиб боради­ган доимий таҳлил керак. Сиёсий партиянинг стратегик салоҳияти айнан халқаро тенден­цияни миллий вазифага, миллий вазифани эса аниқ дастурий таклифга айлантира оли­шида кўринади.

Сардор МАРИПОВ,

O‘zLiDeP Стратегик ва дастурий ҳужжатлар

билан ишлаш департаменти раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?