Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 15-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Болалар саломатлиги — устувор вазифа

14.10.2026
74

O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида партия “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Саломатлик сари” акцияси ўтказилди.

“Фастфуд ва энергетик ичимликларсиз — болалар соғлом таомномаси” деб номланган акцияда халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, шифокорлар, тадбиркорлар, санитария-эпидемиология хизмати вакиллари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Тадбирда мутахассислар тўғри овқатланиш болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланиши, иммунитети ҳамда умумий саломатлигида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Таркибида ортиқча миқдорда туз, шакар ва ёғ бўлган маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилишнинг оқибатлари, энергетик ичимликларнинг болалар организмига эҳтимолий салбий таъсири юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, болалар таомномасида сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари ҳамда оқсилга бой озиқ-овқатлар улушини ошириш, ота-оналарнинг фарзандлари овқатланишига масъулият билан ёндашиши зарурлиги қайд этилди. Иштирокчилар соғлом авлодни тарбиялашда оила, таълим муассасалари, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Мулоқот давомида соғлом овқатланишни тарғиб қилувчи мақола ва видеороликларни оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш, маҳаллаларда тушунтириш ишларини олиб бориш, ўқувчилар ўртасида соғлом таомнома танловлари ва амалий машғулотлар ташкил этиш таклифлари илгари сурилди. Жумладан, “Соғлом нонушта”, “Фойдали таом — саломатлик гарови” ва “Фастфудсиз бир кун” каби ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, энергетик ичимликларнинг болаларга сотилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Тадбир якунида болалар саломатлигини асраш, зарарли маҳсулотлар истеъмолининг олдини олиш ва ёшликдан соғлом овқатланиш одатларини шакллантириш борасида ҳамкорликни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?