Душанба 09-Июн 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Хизматлар соҳаси иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлди

03.06.2025
52

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелонининг мамлакатимизга расмий ташрифининг якунлари кенг муҳокама қилинди.

Депутатлар Ўзбекистон — Италия муносабатлари ҳақида тўхталар экан, кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми, шу жумладан етказиб берилаётган маҳсулотлар турининг кенгайгани ҳисобига қарийб 3 баробар ошганлигини алоҳида қайд этдилар.

Қўшма корхона ва лойиҳалар сони 2 баробар кўпайиб, Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, электротехника, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли кооперация йўлга қўйилганини таъкидладилар.

Италия Республикаси Бош вазирининг ташрифи ва унинг доирасида эришилган келишувлар икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш, Европа Иттифоқи давлатлари билан алоқаларни кенгайтиришда янги босқични белгилаб бериши урғуланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил якунлари бўйича ижроси ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, давлат бюджетининг 2024 йилдаги ижроси “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилган бўлиб, жаҳонда халқаро савдодаги мураккаб вазиятларга қарамасдан ўтган  йилда ҳам барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш имконини берди.

Хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 2023 йилга нисбатан 6,5 фоизга, иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлган хизматлар соҳаси 12,9 фоизга, қурилиш соҳаси 8,8 фоизга ҳамда саноат соҳаси 6,8 фоизга ўсган.

Депутатлар Давлат бюджети ижроси барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастурларини амалга оширишга қаратилганини алоҳида таъкидладилар.

Шу билан бирга, эришилган натижалар қатори айрим камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Хусусан, ҳисобот даврида бюджетдан етарлича маблағлар ажратилишига қарамасдан айрим вазирлик ва идоралар маблағларни тўлиқ ўзлаштира олмагани ҳақли эътирозларга сабаб бўлди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинганидек, жаҳонда халқаро савдодаги мураккаб вазиятларга қарамай, ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,8 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,5 фоиз, бозор хизматлари 12,6 фоиз, қурилиш ишлари 10,8 фоиз ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 3,8 фоизга ошган.

Шунингдек, ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 104,5 фоизга бажарилгани ҳамда харажатлар бўйича режа кўрсаткичлари 92 фоизни ташкил қилгани бюджет барқарорлиги таъминланаётганидан далолат бермоқда.

Муҳокамалар давомида эришилган натижалар билан бирга, айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилгани танқидий баҳоланди. Фракция аъзолари ушбу камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.

Йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?