Мутасаддилар куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик ишлари бўйича депутатларга маълумот берди
“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Унда вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, аҳолига газ ва электр энергиясини барқарор етказиб бериш, шунингдек, соҳаларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мавсумга тайёргарлик доирасида газ тармоқлари ва газ тақсимлаш пунктларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, зарур техника, газ баллонлари ҳамда авариявий материаллар захираси шакллантирилди. Жумладан, 6 338 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 230,3 километр электр тармоғи тортилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 996,2 километр тармоқ ва 367 та трансформатор пункти мукаммал, 1 775 километр тармоқ ҳамда 782 та трансформатор пункти эса жорий таъмирдан чиқарилди.
Йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилнинг 9 ойида электр таъминоти бўйича келиб тушган 1 118 та мурожаатнинг 97,8 фоизи ижобий ҳал этилгани, кўрилган чоралар натижасида мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга камайгани қайд этилди.
Муҳокама якунида депутатлар масъул ташкилотларга куз-қиш мавсумида аҳолига барқарор ва сифатли хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминотидаги мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш юзасидан тегишли тавсиялар бердилар.