Наманганлик тадбиркор 100 нафарга яқин эҳтиёжманд оила фарзандларига ўқув қуроллари ва кийим-кечак олиб берди
Янги ўқув йили арафасида Янги Наманган туманида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури, “Тадбиркорлардан болажонларга” хайрия акцияси доирасида эҳтиёжманд оилалар фарзандларига кўмак кўрсатилди.
Янги Наманган тумани Кенгаши депутати, “Dentafill Mega Farm” раҳбари Аҳадхон Отақўзиев ташаббуси билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 100 нафарга яқин фарзандларига мактаб формалари, кийим-кечаклар, ўқув қуроллари ва зарур анжомлар тақдим этилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар хонадонларига озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламлари етказиб берилди.
Бу ташаббуснинг аҳамияти фақат берилган ёрдамнинг ўзидагина эмас, балки унинг манзилли эканида намоён бўлмоқда. Янги мактаб формаси ва ўқув қуроллари болаларнинг янги ўқув йилини кўтаринки кайфият билан бошлашига хизмат қилса, оилаларга етказилган озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг кундалик эҳтиёжларини енгиллаштиришга кўмак беради. Энг муҳими, бундай эътибор орқали болалар ва уларнинг оилалари жамиятдан четда эмаслигини, уларнинг дарди ва эҳтиёжлари эътиборда эканини ҳис қилади.
Меҳр ва саховатнинг қадри ҳам ана шунда — кичик кўринган ёрдам кимнингдир қалбига ишонч, фарзандининг кўзига қувонч олиб кириши мумкин. Тадбиркорликнинг ижтимоий масъулият билан уйғунлашиши эса жамиятда ўзаро кўмак ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлайди. “Халқ билан бирга” тамойили асосида амалга оширилаётган бундай манзилли ташаббуслар ҳар бир боланинг таълим олиши ва муносиб келажак сари қадам қўйиши учун қўшимча имконият яратиб, бугунги меҳр эртанги кунга қўйилган сармоя эканини намоён этмоқда.