O‘zLiDeP делегацияси Хитойдаги халқаро форумда иштирок этди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси делегацияси Хитойда бўлиб ўтган «Интеллектуал ўзаро боғлиқлик: глобал тараққиёт ва ҳамкорликка янгича нигоҳ» мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди.
Турли мамлакатлардан сиёсий партиялар вакиллари, сиёсатчилар, экспертлар ва тадқиқотчилар қатнашган анжуманда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов нутқ сўзлади.
Нутқда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар алоҳида таъкидланди. Икки давлат раҳбарлари — Президент Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг доимий ва ишончли мулоқоти туфайли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Бугун мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар, инвестиция, энергетика, саноат, рақамли технологиялар, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Шунингдек, нутқда Хитойнинг илғор технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги тажрибаси, минтақалар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда сиёсий партиялар ҳамкорлигининг аҳамиятига эътибор қаратилди. O‘zLiDeP ва Хитой Коммунистик партияси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Форум Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.