O'zLiDeP кубоги ёшларни ғалаба руҳида тарбияламоқда
Хоразм вилоятида давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида 14–16 ёшли ўғил болалар ўртасида футбол мусобақаси ўтказилди.
Мусобақанинг Хива шаҳридаги “Arda Xiva” туристик мажмуаси ўйингоҳида бўлиб ўтган вилоят босқичида 14 та жамоа ғолиблик учун куч синашди. Якунда Янгибозор туманининг “Янги Ўзбекистон” жамоаси 1-ўринни эгаллаб, “O‘zLiDeP кубоги” соҳиби бўлди. Хонқа туманининг “Хонқа” жамоаси 2, Гурлан туманининг “Хумо” жамоаси эса 3 ўринни қўлга киритди.
— Бугунги ғалаба биз учун жуда катта қувонч ва унутилмас таассурот бўлди, – дейди “Янги Ўзбекистон” жамоаси аъзоси Жавоҳир Раҳимов. – Мусобақа давомида бор куч ва маҳоратимизни ишга солиб, жамоавий ҳаракат қилдик ва якунда “O‘zLiDeP кубоги”ни қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Энг муҳими, ёш футболчиларга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар бизни янада катта мақсадлар сари интилишга ундамоқда. Бизга билдирилаётган ишончни муносиб натижалар билан оқлашга ҳаракат қиламиз. Бу ғалаба келгусидаги мусобақаларда ҳам янада юқори марраларни забт этиш учун бизга куч ва ишонч беради.
ЎзЛиДеП томонидан ташкил этилаётган бу каби мусобақалар ёшларни спортга кенг жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.