Asosiy kontentga o‘tish
Душанба 07-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Партиялараро ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

07.09.2026
75

2026 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Халқаро бўлими мудири Лю Хайсин бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, ЎзЛиДеП ва Хитой Коммунистик партияси ўртасидаги партиялараро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон — Хитой муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг юксак даражадаги сиёсий мулоқоти икки мамлакат ўртасидаги ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос бўлмоқда.

Бу жараён иқтисодий кўрсаткичларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ўтган йили мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 18 миллиард долларга етди. Яқин йилларда мазкур кўрсаткични 30 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган. Ўзбекистонда Хитой иштирокида амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари портфели эса қарийб 60 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Транспорт-транзит соҳасидаги йирик лойиҳалар, хусусан, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлининг барпо этилиши икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш, Марказий Осиёнинг транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва янги иқтисодий имкониятлар яратишда муҳим омил бўлиши қайд этилди.

Учрашувда стратегик давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми сифатида партиялараро ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида урғу берилди. ЎзЛиДеП ва Хитой Коммунистик партияси ўртасида ўтган йили имзоланган ҳамкорлик Меморандуми партиялараро муносабатларни тизимли ва узоқ муддатли асосда ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий ва сиёсий пойдевор яратгани таъкидланди.

Меморандум доирасида партия қурилиши, аҳоли билан ишлаш, ҳудудий ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, таҳлилий марказлар ҳамкорлиги каби йўналишларда тажриба алмашиш учун кенг имкониятлар мавжуд.

Шунингдек, замонавий сиёсий партиялар фаолиятида рақамли трансформация, сунъий интеллект ва рақамли платформалардан фойдаланиш, фуқаролар билан мулоқотнинг янги механизмларини жорий этиш борасида ўзаро тажриба алмашиш муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Партиявий оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қўшма медиа ва ахборот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Учрашувда ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ва жамоат ҳаётидаги фаоллигини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Хитой Коммунистик партияси вакиллари жорий йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ЎзЛиДеП Хотин-қизлар тадбиркорлиги форумида иштирок этишга таклиф қилинди.

Мулоқот давомида куни кеча Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Хитой — Марказий Осиё» сиёсий партиялари мулоқоти форматига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур анжуман партия қурилиши, кадрлар тайёрлаш, рақамли трансформация, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, ҳудудлар ҳамда жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича амалий тажриба алмашиш майдони бўлишлиги таъкидланди.

Учрашув конструктив руҳда ўтиб, томонлар мавжуд келишувларни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитиш, партиялараро мулоқотни мунтазам давом эттириш ва ўзаро тажриба алмашишни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?