Қорақалпоғистонда аҳоли муаммолари ва тадбиркорлик имкониятлари ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси депутатларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида ислоҳотлар ижроси, аҳоли муаммолари, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқда.
Партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги ўрганишларда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва ҳудудларда қулай агробизнес муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлабки манзиллардан бири Нукус туманидаги “Дийкан арна” маҳалласи бўлди. Маҳаллада 34 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётгани, 59 гектар томорқанинг 58 гектарига экин экилгани қайд этилди.
Ўрганишлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан ишлаш ҳолати ҳам диққат марказида бўлди. Хусусан, “Аёллар дафтари”даги 107 нафар хотин-қиз, 49 нафар ёлғиз кекса ва 86 нафар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Депутатлар асаларичилик билан шуғулланувчи тадбиркор Бахтиёр Жумабоевнинг фаолияти билан танишиб, унинг асалари уяларини тайёрлаш устахонаси, асални қадоқлаш жараёни ва ишлаб чиқариш имкониятларини ўргандилар. Тадбиркор бир йилда 100 тага яқин асалари уясини тайёрлаб, ўз тажрибасини ёшларга ўргатаётгани эътиборга лойиқ.
O‘zLiDeP депутатлари учун бундай ўрганишлар, аввало, жойлардаги ислоҳотларнинг амалий натижасини кўриш ва аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш нуқтаи назаридан муҳимдир. Аниқланган муаммолар юзасидан масъул ташкилотлар билан амалий чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси назоратга олинади. Зеро, “Халқ билан бирга” тамойилининг асосий мазмуни — маҳаллага бориш, одамларнинг муаммосини эшитиш ва улар учун аниқ натижа яратишдир.