Қорақалпоғистоннинг энг фаол ишбилармон аёллари аниқланди
Қорақалпоғистон Республикасида O‘zLiDePнинг “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг ҳудудий-республика босқичи бўлиб ўтди. “Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Бердақ” номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида ўтказилган танловда 17 та туман ва шаҳардан келган хотин-қизлар ўз маҳсулотлари, истиқболли лойиҳалари ҳамда тадбиркорлик тажрибаларини намойиш этди.
Иштирокчилар фаолияти янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар сифати ҳамда инновацион ёндашувлар каби мезонлар асосида баҳоланди.
Танлов якунига кўра, Нукус шаҳридан Айгул Тасбаева биринчи ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикасининг “Энг фаол ишбилармон аёли” деб топилди. У “Damir hotel”, “NUKUS POLIMER” МЧЖ ҳамда “Бес қала” бренди остида ун ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини бошқаради. Ушбу корхоналарда 500 нафардан ортиқ киши, жумладан, 200 нафардан зиёд хотин-қиз меҳнат қилади. “Бес қала” бренди остидаги маҳсулотларнинг Афғонистонга экспорти ва ойлик экспорт ҳажмининг 1 миллион АҚШ долларини ташкил этиши тадбиркорлик кўламини намоён этади.
Қонликўл туманидан Гулайим Қалбаева асаларичилик, боғдорчилик, паррандачилик ва фермерлик йўналишларидаги фаолияти учун иккинчи ўринга сазовор бўлди. Унинг 30 нафарга яқин шогирди бор. Учинчи ўрин эса Кегейли туманидаги “Гүжим терек” маҳалласидан Мариям Камаловага берилди. Миллий кийим-кечак ва тақинчоқлар ишлаб чиқарувчи тадбиркор 25 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган, маҳсулотларини қўшни давлатларга ҳам экспорт қилади.
Танловда асосий ўринлардан ташқари, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” ва “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.