Asosiy kontentga o‘tish
Чоршанба 23-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янги имкониятлар — инсон фаровонлиги ва тараққиёт сари

22.09.2026
147

Қорақалпоғистон Республикасида кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳудуднинг ўзига хос табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда янги имкониятлар яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилмоқда.

Айниқса, Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни таъминлаш, чўлланиш жараёнларининг салбий таъсирини камайтириш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигида замонавий усулларни жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Кегейли туманида ташкил этилган иссиқхона хўжалиги ана шундай амалий лойиҳалардан биридир. 5 гектар майдонда барпо этилган мажмуада замонавий технологиялардан фойдаланиш, аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш ва эҳтиёжманд оилалар учун янги даромад манбаларини яратиш кўзда тутилган. Бундай ташаббуслар қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва оилавий даромадларни ошириш борасидаги ишлар ҳам изчил давом этмоқда. “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида асаларичилик каби йўналишларни ривожлантириш орқали хонадонлар учун қўшимча даромад манбалари яратилмоқда. Бу эса маҳаллада тадбиркорлик муҳитини шакллантириш, аҳолини ўзини ўзи банд қилиш ва меҳнат орқали фаровонликка эришиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Нукус туманидаги Деҳқон арна маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳам аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган. “Ақлли маҳалла” тизими, мактабгача таълим муассасаси, спорт майдончалари ва тадбиркорлик учун яратилаётган шароитлар маҳалланинг ижтимоий қиёфасини ўзгартирмоқда. Бу жараёнда болалар таълими, ёшлар тарбияси, аҳоли саломатлиги ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Ҳудудда инсон капитали ва тиббиёт соҳасини ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳам муҳим ўрин тутади. Қорақалпоғистон Республикаси Илмий-амалий тиббиёт академиясининг ташкил этилиши тиббий таълим, илм-фан ва амалиётни ўзаро уйғунлаштириш учун янги имкониятлар яратади. Бу ерда замонавий симуляцион таълим, илғор тиббий технологиялар, рақамли таълим ва телетиббиёт имкониятларини кенг жорий этиш учун шароитлар яратилган.

Шунингдек, Нукус шаҳрида ёш оилалар учун “Янги Ўзбекистон” турар жой массивини барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди. Бу ерда замонавий кўп қаватли уй-жойлар билан бир қаторда бизнес марказлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиши режалаштирилган. Янги массив шаҳар инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади.

Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг яна бир муҳим жиҳати — янги иш ўринлари яратиш ва камбағал оилалар даромадини оширишга қаратилганидир. Бу борада тадбиркорлар, инвесторлар, маҳаллий аҳоли ва хорижий ҳамкорларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида нуронийлар, олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини фаол иштирок этишга, ҳар бир ташаббус ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга чақирди. Бундай ёндашув аҳоли манфаатларини таъминлаш, ёшлар учун муносиб шароитлар яратиш ва Оролбўйининг мустаҳкам иқтисодий пойдеворини шакллантиришга хизмат қилади.

Умуман, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ишлар экологик барқарорлик, иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик, бандлик, таълим, тиббиёт ва замонавий инфратузилмани бир-бири билан уйғун ҳолда ривожлантиришга қаратилган.

Энг муҳими, бу жараёнларнинг марказида инсон манфаати турибди. Янги иш ўринлари, даромад манбалари, замонавий таълим ва тиббий хизматлар, обод маҳаллалар ҳамда қулай яшаш шароитлари Қорақалпоғистон аҳолиси учун янги имкониятларни кенгайтириб, ҳудуднинг барқарор ва фаровон келажаги учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Гулдана АВЕЗДУРДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?