Asosiy kontentga o‘tish
Шанба 10-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янгиликлар

Тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч

09.10.2026 162
Тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч

Президентимиз Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда катта ўзгаришлар рўй бергани, хусусан Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, ўзаро ишонч мустаҳамланганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга ҳам алоҳида тўхталди. Хусусан, Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, унинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш муҳим вазифалардан бири эканини урғуланди.

Давлатимиз раҳбари ушбу масалани келгуси йили Тошкентда ўтказадиган “Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлидаги минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви” деб номланган халқаро конференцияда батафсил муҳокама қилишни таклиф этди. Бу эса Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Иккинчи устувор йўналиш минтақавий мулоқотнинг институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилди. Бу борада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш таклиф этилгани минтақавий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги келишувларнинг изчил амалга оширилишини таъминлашга туртки беради.

Учинчи йўналиш сифатида Иқтисодий ҳамкорликни янги даражага кўтариш илгари сурилди. Бунда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2035 йилгача мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастур муҳим ўрин тутиши, бу борадаги ишларни ривожлантириш учун 2027 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш таклиф этилди. Бу эса минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратади.

Тўртинчи йўналиш мамлакатларимизни замонавий транспорт ва логистика тармоғи билан боғлаш масаласига қаратилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, минтақамиз глобал савдонинг қуруқликдаги энг муҳим йўналишларидан бирига ва айни пайтда иқтисодий фаолликнинг йирик марказига айланиши мумкин. Аммо бунинг учун фақат йўл ва темир йўллар қуришннг ўзи етарли эмас. Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича умумий мантиқ зарур. Йўналишлар бир-бирини давом эттириши ва ягона тизим сифатида ишлаши учун йирик лойиҳаларни ўзаро мувофиқлаштириш зарур.

Давлатимиз раҳбари минтақамиз келажаги учун энг муҳим масалалардан бири – бу инсон ресурслари эканини алоҳида таъкидлади. Чунки Марказий Осий давлатлари катта демографик салоҳиятга эга. Аҳоли сони ортиб бораётгани, унинг таркибида ёшлар улушининг кўпаяётгани минтақа иқтисодиёти ўн, йигирма, ўттиз йилдан кейин қандай бўлиши кўп жиҳатдан айнан уларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги сифатига боғлиқ бўлади. Шу боис, таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамкорликда амалга ошириш йўналишларида алоҳида ўрин эгаллайди. Бунинг учун талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бу ташаббус ёшларни келажакда талаб юқори бўладиган касбларга йўналтириш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашади.

Умуман олганда, Маслаҳат учрашувида илгари сурилган ташаббусларнинг амалга оширилиши Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 

Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?