Asosiy kontentga o‘tish
Сешанба 13-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ишончли ҳамкорликдан муштарак тараққиёт сари

12.10.2026
137

Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви минтақамиз сўнгги йилларда қай даражада ўзгарганини яна бир бор тасдиқлади.Илгари ҳал этилмаган муаммолар ва чекланган иқтисодий алоқалар билан тавсифланган минтақа бугун ўзаро ҳамкорлик ва интеграциянинг янги босқичига қадам қўймоқда.

Бугун Марказий Осиё ишонч, прагматизм ва муштарак иқтисодий тараққиёт маконига айланмоқда. Бу жараёнга 2017 йилда Президентимиз илгари сурган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ташкил этиш ташаббуси асос бўлди. 2018 йилда Остонада бошланган мулоқотлар Тошкент, Аваза, Чўлпон ота, Душанбе ва Остонада давом этди. 2025 йил ноябрда Тошкентда ўтказилган еттинчи саммитда Озарбайжоннинг тўла ҳуқуқли иштирокини таъминлаш бўйича тарихий қарор қабул қилинди.

Туркманистондаги навбатдаги учрашув эса кенгайтирилган форматда ўтказилган илк саммит бўлди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида шунчаки ўзаро савдони кўпайтиришдан қўшма саноат ва технологик занжирларни яратишга ўтишни таклиф этди. Янги ёндашувнинг моҳияти «олти иқтисодиёт — битта маҳсулот» формуласида теран ифодаланган. Бу — бир нечта давлатлар корхоналари умумий қўшилган қийматни шакллантиришда (хомашё ва бутловчи қисмлардан тортиб қайта ишлаш, йиғиш, логистика ва тайёр маҳсулот экспортигача) фаол иштирок этадиган минтақавий кооперациянинг сифат жиҳатдан янги босқичидир.

Озарбайжоннинг ушбу форматга қўшилиши нечоғли тўғри қадам бўлганини кўриб турибмиз. Денгизга бевосита чиқиш имкони бўлмаган Ўзбекистон учун Каспий йўналиши Туркманбоши ва Боку орқали Кавказ, Туркия ҳамда Европа бозорларига чиқадиган қўшимча маршрутларни очади. Туркманбоши халқаро денгиз порти нефть маҳсулотларини ҳисобга олмаган ҳолда йилига 17 миллион тоннагача юкни қайта ишлаш қувватига эга. Шу сабабли Инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгаш тузиш, транспорт лойиҳаларини мувофиқлаштириш ҳамда транспорт коридорлари бўйлаб саноат ва логистика зоналарини шакллантириш бўйича таклифлар иқтисодиётимиз учун юксак амалий аҳамиятга эга.

Бундай ҳамкорликнинг иқтисодий пойдевори аллақачон шаклланган. 2025 йилда Ўзбекистоннинг Туркманистон билан савдо айланмаси қарийб 1,2 миллиард долларга етди. Озарбайжон билан алоқалар ҳам жадал кенгаймоқда. 2017–2025 йилларда ўзаро товар айирбошлаш 9,5 бараварга ошиб, 307,3 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 460 та корхона фаолият юритмоқда. Демак, Маслаҳат форматининг кенгайиши Марказий Осиёни Жанубий Кавказ билан ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам боғлайди.

Келгуси кун тартибининг миқёси ҳам кам эмас. Ўзбекистон қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник кузатиб бориш платформасини яратиш, 2027 йилда Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес-форумини ўтказиш, паст углеродли энергетика бўйича қўшма концепцияни тайёрлаш, муҳим минераллар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ўзаро боғланган миллий маълумотлар марказлари (дата-марказлар) базасида умумий ҳисоблаш инфратузилмасини шакллантиришни таклиф этди. Бу минтақада иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, қўшма инвестицияларни кўпайтириш, энергетика ва саноатни ривожлантиришга хизмат қилади.

ЎзЛиДеП ва депутатлик корпусимиз учун Авазадаги учрашув якунлари алоҳида аҳамиятга эга. Партиямиз тадбиркорлик, хусусий ташаббусни ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш ва ишбилармон доиралар учун имкониятларни кенгайтириш тарафдори сифатида изчил ҳаракат қилмоқда. Минтақавий иқтисодий интеграция ушбу устувор йўналишларимизга тўлиқ мос келади. Чегараларда тўсиқлар қанча кам бўлса, транспорт ва молиялаштириш қанчалик қулай бўлса, қўшма ишлаб чиқариш ва сотув бозорлари қанчалик кўпайса, тадбиркор ўзини шунчалик ишончли ҳис қилади.

Авазадаги учрашув Марказий Осиё сиёсий ишонч иқтисодий капиталга айланадиган янги босқичга қадам қўяётганини яна бир бор кўрсатди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган бундай формат минтақавий мулоқотни қайта тиклашдан тортиб амалий кооперация майдонини шакллантиришгача бўлган самарали йўлни босиб ўтди. Бу — Ўзбекистон учун янги бозорлар, йўналишлар, инвестициялар, ишлаб чиқариш ва иш ўринларини яратишнинг янги имкониятларидир.

 

 

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?