O‘zLiDeP делегацияси ICAPP Доимий қўмитасининг 46-йиғилишида иштирок этди
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги делегация 4–7 ноябрь кунлари Осиё сиёсий партиялари халқаро конференциясининг (ICAPP) 13-Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Корея Республикасининг Сеул шаҳрига ташриф буюрди.
Бош Ассамблеянинг асосий мажлислари бошланишидан аввал, 4 ноябрь куни ташкилот Доимий қўмитасининг 46-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда O‘zLiDeP вакиллари ҳам қатнашиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан қизғин муҳокамаларда иштирок этди.
Йиғилишда Бош Ассамблеяга тайёргарлик, унинг Бюросига номзодлар, Сеул декларацияси лойиҳаси, Доимий қўмита таркиби ва фаолиятига оид ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, ICAPPнинг 2027 йилги иш дастурлари, ёшлар ва хотин-қизлар, ишбилармонлик ҳамда маданий ҳамкорлик йўналишларидаги тадбирлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
"Ўзгарувчан дунёда ишончни тиклаш" мавзусидаги Бош Ассамблея доирасида барқарор тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, демократия ва давлат бошқарувини мустаҳкамлаш, умумий фаровонлик йўлида сунъий интеллектни ривожлантириш ҳамда иқлим ўзгариши масалаларига эътибор қаратилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, O‘zLiDeP 2025 йилда ICAPP Доимий қўмитаси аъзолигига сайланган. Партия ушбу тузилма доирасида сиёсий партиялар ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳокамаларда иштирок этиб келмоқда.