Тадбиркорлик эркинлиги — Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили
Халқимиз турмуши янада фаровонлашуви, мамлакатимизнинг узлуксиз тараққиёти қандай омилларга боғлиқ? Партиямизнинг қатъий нуқтаи назарига кўра, бу борада асосий омиллардан бири – хусусий тадбиркорлик. Лекин бизнес ўз-ўзидан ривожланиб кетмайди. Бунинг учун унга мақбул шарт-шароит яратиш, эътибор, ғамхўрлик қилиш керак.
Шу йил 18 август куни Хива шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида эълон қилинган ташаббуслар шу маънода улкан аҳамиятга эга. Мулоқотда ўтган беш йил мобайнида ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш бўйича бажарилган ишлар ва уларнинг натижалари хусусий сектор мамлакат иқтисодиётида тобора катта ўрин эгаллаётганини кўрсатди. Эътиборлиси, тадбиркорларга маъмурий, молиявий ва институционал жиҳатдан янада кўпроқ эркинликлар, имкониятлар беришга устувор аҳамият берилмоқда. Бу эса иқтисодий сиёсатнинг сифат жиҳатдан янги поғонасидир.
О‘zLiDePнинг 2024 йилги сайловолди дастурида айнан шу қараш — иқтисодий ўсишнинг асосий таянчи сифатида эркин хусусий секторни кучайтириш ғояси илгари сурилган. Хивада тилга олинган янги ташаббуслар бу вазифаларга мазмунан жуда яқин, шунинг баробарида уларнинг амалиётдаги самарасини аниқ механизмлар воситасида ғоят ошириш хусусиятига эга.
Масалан, кичик бизнес фаолиятига текширувлар учун уч йиллик мораторий жорий этилиши, аввало, тадбиркорнинг вақти ва диққатини асосий ишига қайтаришга хизмат қилади. Биринчи марта содир этилган ва оғир оқибатларга олиб келмаган қоидабузарлик учун дарҳол жарима қўллаш ўрнига камчиликни бартараф этишга имконият берилиши ҳам давлат назоратига бошқача ёндашувни англатади. Назорат бутунлай бекор қилинмаяпти. Гап қонуний талабларга риоя этишни таъминлаш билан тадбиркорни ортиқча маъмурий босимдан ҳимоя қилиш ўртасида оқилона мувозанат ўрнатиш ҳақида кетмоқда. Қонуний ишлаётган тадбиркор давлатдан жазо эмас, аниқ ва тушунарли қоида ҳамда тенг муносабатни кутади.
Тадбиркорлик соҳасида давлат хизматларининг 50 фоизида «сукут — розилик» тамойилини жорий этиш, 30 дан зиёд лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш, айрим фаолият турларида лицензиялашдан хабардор қилиш тартибига ўтиш — давлат билан тадбиркор ўртасидаги муносабатларни ортиқча қоғозбозликдан озод этади.
Бюрократик талабнинг ҳар бири бизнес учун вақт, маблағ ва хавф демакдир. Уларнинг қисқариши эса янги корхонанинг бозорга тезроқ кириши, ишлаб чиқаришни эртароқ бошлаши ва инвестициясини тезроқ қоплашига шароит яратади. Натижада рақобат кучаяди. Рақобат бор жойда эса маҳсулот сифатига, таннархга ва хизмат кўрсатиш даражасига талаб ошиб боради.
ЎзЛиДеП тадбиркорлик эркинлиги ҳақида гап кетганда, уни фақат ишбилармоннинг манфаати сифатида қабул қилиш тўғри эмаслигини бот-бот таъкидламоқда. Бозорда янги корхона пайдо бўлса, унинг ижобий таъсири фақат корхона доирасида қолмайди. Янги иш жойлари очилади, янги маҳсулот пайдо бўлади, етказиб берувчилар занжири шаклланади, янги хизматлар йўлга қўйилади. Бир тадбиркорнинг униб-ўсиши ўнлаб бошқа субъектлар учун ҳам иқтисодий фаоллик манбасига айланади. Молиявий имкониятларни кенгайтиришга қаратилган «Бизнес старт», «Бизнес лифт» ва «Бизнес юксалиш» механизмлари ҳам айнан шу занжирни узлуксиз қилишга ёрдам беради. Янги иш бошлаган тадбиркорга 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш, 10 миллиард сўмгача кредитларда гаров талабини енгиллаштириш каби чоралар бизнес-ғояси бор, лекин молиявий кафолати етарли бўлмаган тадбиркорларнинг бозорга кириш имкониятини оширади.
Бу масала мамлакатимизда янги иш ўринларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда айниқса муҳим. Зеро, аҳоли даромадини оширишнинг энг барқарор манбаси — давлат томонидан доимий тўлов эмас, инсоннинг ўз меҳнати учун ҳақ оладиган иш ўрнига эга бўлишидир. Янги иш ўрни эса, ўз навбатида, янги бизнес ва янги инвестиция талаб қилади. Шунинг учун Президент томонидан сунъий интеллектни 10 мингта корхона фаолиятига жорий этишга қаратилган дастур илгари сурилишига ҳам тадбиркорликни қўллаш сиёсатининг узоқ муддатли вазифаларидан бири сифатида қараш лозим. Сунъий интеллектни жорий этиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш ва юқори ҳисоблаш қувватларидан фойдаланиш имконини бериш корхоналарни оддий ишлаб чиқаришдан технологик самарадорлик босқичига олиб чиқади.
Меҳнат унумдорлиги ошмаган иқтисодиётда юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш ҳам, миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ҳам қийин. Демак, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бугун технологик янгилик бўлса, эртага иқтисодий рақобатбардошлик масаласига айланади.
Экспорт бўйича белгиланган чоралар ҳам айни муддао. Ташқи бозорга чиқишда тадбиркорга бозор, тариф ва логистика бўйича аниқ ечимлар таклиф этилиши, экспортчиларни ягона тизим асосида қўллаб-қувватлаш миллий маҳсулотнинг ташқи бозорлардаги иштирокини кенгайтириши мумкин. Энг муҳими, бу жараён маҳаллий ишлаб чиқарувчини кўпроқ ишлаб чиқаришдан кўпроқ қиймат яратишга ундайди.
Хива мулоқотида Хоразм вилоятига оид рақамлар ҳам шу жараённинг ҳудудларда қандай кечаётганини кўрсатди. Кичик бизнеснинг вилоят иқтисодиётидаги улуши 72 фоиз, экспортдаги улуши эса 81 фоизга етган. Демак, ҳудудий иқтисодий ўсишда хусусий секторнинг ўрни аллақачон ҳал қилувчи даражага чиққан. Энди унинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш асосий вазифага айланмоқда. О‘zLiDePнинг сайловолди дастурида белгиланган иқтисодий мақсадлар ҳам айнан шу натижага қаратилган: эркин бозор муносабатларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш, тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш ва рақобат муҳитини кенгайтириш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш. Дастурнинг бош мақсади эса иқтисодий ўсишни ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига айлантиришдан иборат.
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни шу мантиқ асосида баҳоласак, уларнинг моҳияти янада яққол кўринади. Мақсадимиз тадбиркорга берилган имтиёзларни санаб чиқиш эмас, иқтисодиётда ташаббус ва хусусий капитал учун кенгроқ майдон яратилиши, давлат ва бизнес муносабатларини ишонч ва аниқ қоидалар асосида қурилаётганини таъкидлашдир.
Партиямизнинг сайловолди дастури ижросини таҳлил қилишда ҳам асосий мезон шу бўлиши керак: қабул қилинган қарор, амалга оширилган вазифа тадбиркорнинг ишини нечоғлиқ енгиллаштирди, қанча янги иш ўрни яратилди, ишлаб чиқариш ва экспорт қай даражада ўсди, энг муҳими, бу ўзгаришлар фуқаронинг ҳаётида қандай сезилди? Зеро, ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси тадбиркорнинг қанчалик эркин ишлаётгани ва бу эркинлик халқимиз ҳаётида қандай ижобий ўзгаришларга айланаётгани билан ўлчанади.
О‘zLiDePнинг сиёсий масъулияти ҳам ана шунда. Партия тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган сиёсатни қўллаб-қувватлаш билан бирга, сайловолди дастурида белгиланган вазифалар бажарилишига эътибор қаратмоқда, муаммоларни аниқлаб, уларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда ва жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда.
Бугун тадбиркорларга берилaётган эркинлик ва имтиёзларнинг энг катта қиймати шуки, унинг самараси эртага корхонадан чиқиб, оилалар даромади, янги иш ўринлари, сифатли маҳсулот ва мамлакат иқтисодий салоҳияти юксалишида намоён бўлади.
Сардорбек Марипов,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Стратегик ва дастурий ҳужжатлар билан ишлаш департаменти раҳбари